Қайд этилишича, мактаб директори П.А. Тошкент шаҳрида бўла туриб, “комиссия учун” деган баҳонада ўқитувчи ва техник ходимлардан 20 минг сўмдан пул йиғдирган. Мазкур ҳолат бўйича шу куннинг ўзида Хўжайли тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.
Аниқланишича, жорий йилнинг 10 февраль куни 21- умумтаълим мактабининг директори П.Анинг топшириғига асосан, мактаб ўқитувчиси Д.Р. томонидан 16 нафар ўқитувчидан 320 минг сўм йиғиб директорга берган, директор П.Анинг ўзи эса, 18 нафар ўқитувчидан 360 минг сўм йиғиб олиб, жами 680 минг сўм пул йиғилган.
Мактаб директори П.А. ўз кўрсатмасида ушбу пуллар мактабдаги баннерларни янгисига алмаштириш учун йиғилганини, уларни амалда ҳеч қаерга ишлатилмасдан, ўқитувчиларга яна қайтариб берилганини баён қилиб ўтган. Бир гуруҳ ўқитувчилар пулларни йиғилиш сабаблари ҳақида П.А. берган кўрсатмаларни тасдиқлаган, бир гуруҳи йиғилган пуллар келган комиссияни тушликда овқатлантириш баҳонасида йиғилганлигини баён қилган.
2023 йил 23 февраль куни П.А. ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш ҳақида аризасига асосан лавозимидан озод қилинган. Ҳозирда терговга қадар текширув давом этмоқда.