Мажлиснинг очилишида Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Амреев ва ташкилотга аъзо давлатлар Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон ва Қирғизистон оқсоқоллари сўзга чиқди.
Мажлисда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев иштирок этди.
Тадбирда ҳозирги вақтда Туркий давлатлар ташкилоти раҳнамолигида олиб борилаётган ҳамкорлик масалалари, шунингдек, 2021 йил 12 ноябрда Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 8-саммитида давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижроси кўриб чиқилди. Иштирокчилар Туркий кенгаш Оқсоқоллар кенгашининг янгиланган низоми ва оқсоқоллар ролини кучайтириш чора-тадбирлари ҳамда бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.
Туркий давлатлар ташкилоти тегишли тузилмаларининг самарали ҳамкорлиги ва фаолиятини мувофиқлаштириш муҳимлиги, иштирокчи мамлакатлар ўртасида маданий ва ижтимоий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни яратиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан туркийзабон мамлакатларда 2022 йил «Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилиниши доирасида тадбирлар ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Мажлис якунлари бўйича муҳокама қилинган масалалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди, шунингдек, 2022 йилнинг иккинчи ярмида Қирғизистон Республикасида ўтказилиши режалаштирилган Оқсоқоллар кенгашининг 13-мажлиси санаси белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.