Органик чиқиндиларни қайта ишлаш

    Ижтимоий ҳаёт 15 октябр 2020 5439

    Тошкентдан чиқувчи маиший чиқиндилар миқдорининг ўсиш суръатлари йилига тахминан 6%ни ташкил қилиб, тезкор чоралар кўрилмаса, 15 йилдан кейин чиқиндилар ҳажми икки ҳиссага ошади. Қилиш лозим бўлган ягона нарса – чиқиндиларни тўлиқ қайта ишлаш бўлиб, буни кўплаб етакчи давлатлар тажрибаси тасдиқлайди. Бу чиқиндиларни саралаш билан боғлиқ бўлиб, ҳозирда аҳоли томонидан чиқиндиларни турли рангдаги қутиларга саралашга қаратилган синов лойиҳалари амалда. Ушбу йўналишда бошқа кўплаб ташаббуслар ҳам мавжуд. Бугун биз органик чиқиндиларни утилизация қилиш ҳақида сўз юритамиз.

    Муаммолардан бири – тўкилган хазонларни утилизация қилишдир. Қачондир уларни ёқиб, ҳавони заҳарлаган, кейин умумий чиқинди тўкиш майдонларига олиб чиқишган. Ваҳоланки, бу ўғитлар олиниши учун қимматли хомашёдир. Пойтахтимизнинг Олмазор туман ободонлаштириш бошқармаси тўкилган баргларни махсус компост ўрасида утилизация қилади – бу узунлиги 57 метр, эни – 17 метр ва чуқурлиги 5 метр бўлган улкан ўрадир. Афсуски, барглар орасида фуқароларимиз томонидан пиёдалар йўлаклари ва йўл чеккаларига ташланган бегона чиқиндилар бор бўлиб, ўранинг ўзида барглардан пластик ва қоғозларни олиб ташлашга тўғри келади. Бу эса қайта ишлаш жараёнини сезиларли даражада қийинлаштиради ва секинлаштиради.

    Бошқа ижобий мисол: «Махсустранс» ДУК органик чиқиндиларни қайта ишлашни бошлади. Green International компанияси билан бу бўйича ишланмоқда. Бунинг учун Тошкент яқинида ер майдони ажратилган. «Махсустранс» бу ерга бозорлар, умумий овқатланиш масканлари ва бошқа объектлардан тўпланган, сараланган органик чиқиндиларни келтиради. Бу ерда чиқиндилар яна бир бора сараланиб, сомон ёки барглар ва гўнгга қўшилади ҳамда немис технологияси бўйича эгатларга терилиб, 6 ҳафта давомида қуритилади. Эгатлар Германиядан махсус келтирилган комбайн ёрдамида мунтазам равишда аралаштирилади. Олти ҳафтадан кейин мукаммал ўғит тайёр бўлади.

    Боғбонлар ва фермерлар ўз хўжаликларидан бундай табиий ва ишончли маҳсулотдан фойдаланишлари мумкин.

    Тошкент шаҳари ҳокимлиги матбуот хизмати.