Орол денгизи қайтадими? 

    Бутунжаҳон илғор технологиялар бўйича 2021 йилги танловда Орол денгизини тиклаш бўйича инновацион режалар эълон қилинди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилди.

    Хабарга кўра, 9 апрель куни Жаҳон банкиниг Global Landshaft форуми (GLF), Қозоғистон–Германия университети (DKU) ва «Plug and Play» (P&P) компанияси билан ҳамкорликда ўтказилган онлайн танловида 4 нафар ғолиб эълон қилинди. Танловга бешта қитъанинг 28 мамлакатидан 159 та таклиф тушган. Аризаларнинг аксарияти Марказий Осиё мамлакатларига тегишли бўлган. Шунингдек, дунёнинг 42 нафар тажрибали мутахассиси 24 та лойиҳани танлаган.

    Таъкидланишича, қишлоқ хўжалиги ва ер ресурсларини бошқариш, барқарор ўрмончилик, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, ахборот ва билим лойиҳалари Бутунжаҳон илғор технологиялари танловида ғолиб деб топилган.

    Қишлоқ хўжалиги ва ер ресурсларини бошқариш: қуруқ шўрланган ерларни барқарорлаштириш учун маҳаллий чўкинди жинслар ва чиқиндиларни ишлатишга асосланган Голландиянинг «Netics b.v» компанияси ишлаб чиққан, ерни тиклаш жараёни ва компаниянинг «Geowall» технологияси Орол денгизи ҳавзасидан заҳарли тупроқларнинг шамол орқали тарқалишининг олдини олишга мўлжалланган.

    Барқарор ўрмончилик: Ўзбекистон фуқаролари Наталя Акиншина ва Азамат Азизовлар ишлаб чиққан «Орол асал боғлари» лойиҳаси асаларичиликни ривожлантириш учун гулли дарахтларни экиш орқали ўрмонларни тиклаш билан бирга аҳолини иш ўрни билан таминлайди.

    Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш: тожикистонлик Хайринисо Расулова, Муяссара Бобохонова, Шоҳида Тулиева ва Фарзона Маҳмудова томонидан тақдим этилган Аёллар сув форуми онлайн технологиялар, сув ва ер ресурсларини бошқариш соҳасида қишлоқ аёлларининг имкониятларини кенгайтиради. Лойиҳа Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни кўзлаган.

    Ахборот ва билим: Грециянинг «Karteco» ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган яйловларни бошқариш учун Sentinels иловаси Марказий Осиёда ўтлоқларни сақлаб қолиш ва яйловларни йўқ қилишга қарши курашишга қаратилган.

    Шунингдек, Орол денгизини тиклашда қўшган ҳиссалари учун танлов ғолибларига 5000 доллар пул мукофоти тақдим этилган.