Шундай экан, эҳтиёткорлик — муҳим шарт. Қолаверса, бемор болалар муолажаси, парвариши ҳам ўта масъулиятли жараён ҳисобланади. Хўш, бундай вазиятда ота-оналар қандай йўл тутишлари керак?
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Динара Дўстмуҳаммедова бу борадаги тавсиялари билан ўртоқлашди.
— Иситма, бурун битиши ва оқиши, аксириш ЎРВИнинг илк аломатларидир, — дейди шифокор. — Одатда, бу ҳолат икки кун давом этади. Учинчи кундан овоз бўғилиши, йўтал, мушаклар ва бўғимларда оғриқлар пайдо бўлиши мумкин.
Касаллик пайтида иштаҳа пасаяди, ҳарорат ошганда эса қайт қилиш кузатилиши эҳтимоли бор. Бундай вазиятда уйда бемор болаларни алоҳида хонага ётқизиш ва хонани тез-тез шамоллатиб туриш лозим.
ЎРВИга чалинган ўғил-қизларга оз-оздан, бироқ тез-тез суюқлик ичириш тавсия этилади. Оддий қайнаган сув ёки уйда тайёрланган мева шарбатлари томоқдаги йўтал ва оғриқни юмшатиб, танадан вирусларнинг тезроқ чиқиб кетишини таъминлайди. Бурун ва томоқни тузли сув билан чайиш ҳам жуда зарур муолажа усулидир.
Лекин баъзи ота-оналар фарзандларида шамоллашнинг илк белгилари, масалан, бурун оқиши, енгил йўтал, ҳарорат кўтарилиши кузатилса, зудлик билан «Тез ёрдам»га мурожаат қилади.
Ваҳоланки, болаларда юқори нафас йўлларининг яллиғланиши кузатилса, уй шароитида ҳам даволанса бўлади. Бироқ бу ҳолатга «вақт ўтиб соғайиб кетади» дея бефарқ муносабатда бўлмаслик ҳам керак.
Бола тана ҳарорати 38,5 даражадан ошса, овқат емай қўйса, кучли ҳансираш кузатилса, нафас қисиши аломатлари пайдо бўлса, тинмай ёки кўп ухласа, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Аслида, тана ҳарорати 38,5 даражагача кўтарилиши организмнинг касалликка қарши курашаётганидан далолат беради. Яъни, организмга инфекция тушганида иситма кўтарилиши нормал ҳолатдир.
Агар бир ёшгача бўлган болаларда тана ҳарорати 38,0, бир ёшдан катта ўғил-қизларда 38,5 даражадан ошса, уларга паратсетамол ёки ибупрофен бериш тавсия этилади. Бу дорини 3 кун қўллаш мумкин. Агар шу вақт ичида боланинг умумий аҳволида ижобий ўзгариш бўлмаса, дарҳол оилавий шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.