Мазкур комплекснинг қурилиши Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йилнинг 23 октябрида “Тошкент вилояти Оҳангарон туманида чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилганди.
Айни пайтда туманнинг “Янги ҳаёт” МФЙ ҳудудидан мазкур комплекс қурилиши учун 234 гектар суғориладиган ер, пичанзор ва яйлов учун 663 гектар ер майдони ажратилган.
Комплекс қурилиши учун эса 5 гектар ер ажратилган. Ҳозирги кунда МЧЖ томонидан дастлабки қурилиш ишлари бошланиб, ер текислаш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида чет элдан 1000 бош зотдор қорамол келтирилиб, йилига 6000 тонна сут ва 57 тонна гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 55 та янги иш ўринлари яратилади.
2019–2021 йилларда қорамолчилик ва қўй-эчкичиликни ривожлантириш мақсадида, туманда умумий қиймати 746 млрд. 598 млн. сўмга тенг бўлган (шундан 53 млн. 210 минг доллари ҳорижий инвестиция) 30 та чорвачилик комплекси (17 та қорамолчилик, 13 та қўй-эчкичилик) яратилиши режалаштирилган. Айни пайтда мазкур лойиҳалар учун туман ҳудудидан 20 124 гектар суғориладиган ер, 50 033 гектар яйлов-пичанзорлар, қурилиш ишлари учун эса 149 гектар ер майдони ажратилди.