Унга кўра, бугун Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган ўғил-қизлар сони қарийб 12 миллион нафарни ташкил қилмоқда. 235 та болалар шифохонаси улар саломатлигини таъминлаш учун масъул. Шундан 23 таси республика, 212 таси вилоят, туман ва шаҳар даражасидаги тиббиёт муассасалари ҳисобланади.
Юртимизда Республика ва ҳудудлардаги перинатал марказлари, ҳамда болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида жами 29 та шошилинч перинатал ва педиатрик мобиль навбатчи реанимация бригадалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Чақалоқларда аудиоскрининг тадбирлари орқали уларнинг эшитишдаги нуқсонларини эрта аниқлаши ва даволаш жараёнини эрта бошлаш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб бориляпти.
Бирламчи тиббиёт тизимида репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар, янги туғилган чақалоқлар ва болаларнинг патронажи тизимли йўлга қўйилган.
Оилавий поликлиникаларда репродуктив саломатлик ва хавфсиз оналик хоналари, пренатал диагностика, шунингдек туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникаларида болалар бўлимлари ташкил этилган.
Болаларда Д витамини танқислиги ва етишмовчилигининг олдини олиш борасида ҳам профилактик ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, Андижон ва Жиззах вилоятларида А витамини танқислигига қарши саплементация дастурлари давом эттирилаётир.
Қолаверса, айни пайтда туғма юрак нуқсонидан азият чекаётган 2000 нафар боланинг операцияси учун давлат томонидан 64 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, қатор мураккаб амалиётлар ўтказиляпти.
Бундан кейин ҳам болаларнинг ақлий ҳамда жисмоний, рационал ва соғлом ривожланиши, чақалоқларда туғма нуқсонларнинг олдини олиш, уларни бекаму-кўст вояга етишлари учун амалга оширилаётган тизимли тадбирлар давом эттирилади.
Албатта, булардан кўзланган пировард мақсад Ўзбекистонни тўлақонли бахтиёр болалар мамлакатига айлантиришдир, — дейилади вазирлик баёнотида.