Ушбу келишув таълим тизимларини замонавийлаштириш, академик алмашинувни ривожлантириш ва илмий тадқиқотларни кучайтириш борасида катта имкониятлар очиши кутилмоқда. Мамлакатимиз билан стратегик ҳамкорлик юксак қадрланаётганининг исботи сифатида Президентимиз Франциянинг энг олий мукофоти — Фахрий легион ордени билан тақдирланди. Бу орден Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани, мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар, ташқи сиёсатдаги инсонпарварликка йўғрилган фаол саъй-ҳаракатларнинг юксак эътирофи ҳамдир. Шунингдек, Франция Президентининг расмий қабул маросимида ўзбек тилида сўзлагани халқимизга алоҳида ғурур бағишлади. Унинг “Яшасин Ўзбекистон, яшасин Франция!” деган тилаги икки халқ ўртасидаги ҳурмат ва дўстлик рамзи сифатида тарихга муҳрланди.
Ушбу ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси таркибида Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллар институти вакиллари ҳам Парижда ўтказилган “Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон — Франция кўприги” халқаро конференциясида қатнашди. Тадбирда олий таълим соҳасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, француз тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш ва академик алмашинув дастурларини кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди. Зеро, бугун Франция дунёдаги энг илғор таълим тизимларидан бирига эгалик қилади.
Институтимиз учун энг аҳамиятли натижалардан бири — Франциянинг етакчи таълим муассасалари билан имзоланган келишувлар бўлди. Мазкур келишувлар асосида институтимиз учун қатор йирик лойиҳалар белгилаб олинди. Жумладан, шу йил августда институтимизнинг 8 профессор-ўқитувчиси Франкофония халқаро ташкилоти базасида малака оширади. 2025/2026 ўқув йилида Sorbonne Paris Nord (Париж Шимолий Сорбонна) университети билан ҳамкорликда 50 талаба учун онлайн маърузалар ташкил этилади. Erasmus+ дастурининг Capacity Building (салоҳиятни ошириш) йўналиши доирасида француз тилини ўқитиш бўйича инновацион лойиҳалар амалга оширилади.
Франция билан ҳамкорлик институтимизнинг хорижий тилларни ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, талабаларнинг академик алмашинув дастурларида фаол қатнашиши ва илмий тадқиқотлар соҳасида халқаро интеграцияни кенгайтиришга хизмат қилади. Бугун институтимизда 69 талаба француз тилини асосий мутахассислик сифатида, 245 йигит-қиз эса иккинчи тил сифатида ўрганмоқда. Олий таълим муассасамиз француз тилини ўқитиш бўйича Франкофония марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқда. Бу марказ орқали талабалар ва профессор-ўқитувчилар француз тилини чуқур ўрганиш, халқаро илмий тадқиқотлар ўтказиш ва академик алмашинув дастурларида фаол иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Бугун институтимиз буюк маърифатпарвар ва тилшунос олим Исҳоқхон Ибрат маънавий меросига содиқ қолган ҳолда халқаро ҳамкорлик, илмий тадқиқот ва таълим сифатини ошириш йўналишида жаҳон стандартларига мос фаолият юритишга интилиб келмоқда. Талабаларимиз халқаро танловларда фаол қатнашиб, хорижий тилларни пухта ўзлаштириш орқали Ўзбекистонни халқаро илмий майдонда танитишга ҳисса қўшмоқда. Хусусан, 2023 йилда талабаларимиз Франция элчихонаси томонидан ўтказилган Journée de la Francophonie фестивалида “Ибрат” номли театр кўриниши билан қатнашиб, юксак эътирофга сазовор бўлди.
Президентимизнинг ушбу тарихий ташрифи ва таълим соҳасига оид келишувлар келгуси авлод учун янги имкониятлар очиб, халқаро илмий ҳамжамиятда муносиб ўрин эгаллашимизга хизмат қилади.
Ривожиддин КАРИМОВ,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори, доцент