Ўзбекистон – Туркманистон: стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар

    Туркманистон билан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Икки давлат ўртасидаги мустаҳкам муносабатлар асрлар давомида шаклланган анъанавий дўстлик ришталарига, яхши қўшничилик алоқалари ва ўзаро ишончга асосланган.

    "Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг бугунги даражасига мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасида йўлга қўйилган яқин ва ишончли мулоқот самарасида эришилди. Ўзбекистон Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон — Туркманистон муносабатлари энг юқори даражасига эришишга ҳамда Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссасини юксак қадрлайди ва эътироф этади", дейилган "Дунё" ААнинг "Янги Ўзбекистон" газетасига берган мақоласида.

    Жорий йил март ойида олий давлат лавозимига сайланган Туркманистоннинг амалдаги Президенти Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш ва икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш йўлини давом эттирди.

    Таъкидлаш жоизки, сўнгги уч ой давомида икки давлат раҳбарларининг тўрт марта учрашгани Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги алоҳида муносабатларнинг яққол ифодаси бўлиб, бу бутун минтақа учун намунадир.

    Жорий йилнинг 14-­15 июль кунлари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи бўлиб ўтди ва бу ўзаро муносабатлар тарихида янги саҳифани очди.

    “Шуни қайд этмоқчиманки, биз учун Туркманистон — минтақадаги ишончли ва муҳим ҳамкор. Бизнинг кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги интилишимиз қатъий, энг яқин қўшнимиз билан стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ниятидамиз”, — деди Президент Шавкат Мирзиёев Кўксаройда Туркманистон раҳбарини қабул қилар экан.

    Икки давлат раҳбарлари 21 июль куни Чўлпон­отада (Қирғизистон) бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқандда бўлиб ўтган саммити (15–16 сентябрь), шунингдек, 13–14 октябрь кунлари Остона (Қозоғистон) шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси ва “Марказий Осиё — Россия” саммити доирасида ҳам учрашдилар.

    Бўлиб ўтган учрашувларда Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари сўнгги йилларда биргаликдаги саъй­-ҳаракатлар натижасида эришилган икки томонлама ҳамкорликнинг барча жабҳалари бўйича ижобий динамикани мамнуният билан қайд этиш баробарида, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

    Давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалаларга, жумладан, Марказий Осиёда шаклланган ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. БМТ институтлари, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида фаол алоқаларни давом эттиришга катта аҳамият бериляпти.

    Ўзбекистон Президенти 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган жаҳон мамлакатлари парламентлари аёл раҳбарларининг саммити доирасида мамлакатимизга ташриф буюрган Туркманистон Миллий Кенгаши Мажлиси Раиси Гулшат Маммедовани қабул қилди. Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини ва маданий-­гуманитар алмашув дастурини илгари суришда икки мамлакат парламентлари муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди. Парламентлараро иттифоқ, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасидаги самарали мулоқот майдончалари доирасидаги сермаҳсул ҳамкорликка юқори баҳо берилди.

    Савдо-­иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт ва транзит имкониятларидан фойдаланиш икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидандир.

    — Мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга муайян тармоқлар орасида биз агросаноат мажмуи, энергетика, кимё ва нефть-­кимё, машинасозлик, тўқимачилик ва фармацевтикани қайд этмоқчимиз, — деди Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов жорий йил 14 июль куни Тошкентда ўтказилган олий даражадаги музокаралар чоғида. — Бизнес доиралари ўртасидаги шерикликни кенгайтириш учун жиддий имкониятлар бор. Кейинги йилларда чегарадош ҳудудлар ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтириш ниятидамиз.

    Бу борадаги ҳамкорликнинг ҳозирги даражаси ижобий динамика билан тавсифланади: автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика саноати, озиқ­овқат саноати ва қишлоқ хўжалигида ўзаро ҳамкорлик кенгаймоқда, кимё саноатидаги шериклик стратегик даражага кўтарилди. Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 570 миллион доллардан ошди. Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини икки баробар ошириш учун барча имкониятлар мавжуд.

    Ўзбекистон — Туркманистон чегара савдо зонаси ташкил этилмоқда, мамлакатларимиз пойтахтларида Савдо уйларини очиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинди. Савдо­-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантиришнинг ўрта муддатли дастури ишлаб чиқилди, шунингдек, энг истиқболли лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Қўшма лойиҳа офисини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

    Икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналиши транспорт соҳасидаги алоқалар ҳисобланади. Ўтган йили юк ташиш 17 фоизга ошган бўлса, бу йил ҳам бу тамойил давом этмоқда. Томонлар минтақа давлатларининг ноёб транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун қулай шарт­-шароитлар яратишдан, жумладан, юкларни ташишда ўзаро имтиёз ва преференциялар беришдан манфаатдордир.

    Ҳудудлараро тизимли мулоқотни ривожлантириш Ўзбекистон — Туркманистон ҳамкорлигига янги суръат бағишламоқда. Туркманистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Бухорода ўтказилган биринчи Ҳудудлараро форумининг муваффақиятли якунлари фойдаланилмаётган улкан салоҳиятни яққол намоён этди. Форум доирасида умумий қиймати 450 миллион доллардан ортиқ бўлган мустаҳкам шартнома ва битимлар тўплами имзоланди.

    Икки давлат ўртасидаги сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштириш асосий вазифалардан бирига айланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда туркман капитали иштирокидаги 173 та корхона фаолият кўрсатмоқда, шундан 69 таси қўшма ва 104 таси 100 фоиз хориж сармояси иштирокидаги корхоналардир. Томонлар икки мамлакатда тайёр тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳалар сонини сезиларли даражада ошириш ниятида. Бундан ташқари, Туркманистонда автомобиль ва қишлоқ хўжалиги, маиший техника жихозларини ишлаб чиқариш қўшма лойиҳаларини йўлга қўйишдан ҳам томонлар манфаатдор.

    Қардош ўзбек ва туркман халқларининг тарихи, маданияти бир, тили ва урф­-одатлари муштарак. Буюк шоир ва мутафаккирлар Алишер Навоий ҳамда Маҳтумқули Фироғий ижоди ўзбек ҳамда туркман халқларининг умумий мероси ҳисобланади. Тошкент шаҳрида атоқли туркман шоири, файласуф ва мумтоз шоир Маҳтумқули Фироғий номидаги кўча ва унинг барелефининг очилиши, “Ашхобод” боғининг ишга туширилиши халқларимизнинг мустаҳкам дўстлиги, бирлиги ва маданий яқинлигининг ёрқин рамзидир. Хоразм вилоятида “Ўзбек — Туркман дўстлик уйи” ва “Улли ҳовли” мажмуаси дирекцияси ташкил этилди. Ўз навбатида, Туркманистон пойтахтида Алишер Навоий номидаги кўча очилди, Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғи барпо этилди.

    Илмий ва академик алмашувлар, инновациялар соҳасидаги дастурлар ҳам фаол ривожланяпти. Ўзбекистон ва Туркманистон маданияти ва киноси кунлари мунтазамлик касб этиб, туризм соҳасида қўшма лойиҳалар илгари сурилмоқда.

    Ўзбекистондаги туркман диаспораси 200 мингга яқин кишини ташкил қилади. Мамлакатимизда уларнинг тили, маданияти, урф­-одатларини авайлаб асраш, ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, туркман тилида таълим берадиган 44 мактаб, Қорақалпоқ давлат университетида туркман филологияси бўйича мутахассислар, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида туркман тили ўқитувчилари тайёрланмоқда.

    Ўзбекистон телевидениесининг “Ёшлар” канали ва Қорақалпоғистондаги “Дияр” радиоканалида туркман тилида кўрсатув ҳамда эшиттиришлар эфирга узатилмоқда. Қорақалпоғистондаги Туркман маданият маркази муассислигида туркман тилидаги “Мекан” газетаси чоп этиляпти.

    Ўзаро маданий алмашувлар халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва ўзаро англашувни оширишга хизмат қилаётир. Шу боис, мамлакатларимиз ўз она тили, маданияти, анъана ва урф­одатларини ривожлантириш учун қулай шарт­шароитлар яратишда давом этади, икки мамлакат адабиётининг мумтоз ва замонавий муаллифлари асарларини таржима қилишни қўллаб­-қувватлайди.

    Мухтасар қилиб айтганда, икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги жабҳаларида алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий­-гуманитар алмашувлар дастури кўламларини кенгайтириш учун катта салоҳият мавжуд.

    Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг бўлажак учрашуви қардош мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантиришга катта суръат бағишлайди, уларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

    Эришилган келишувлар, ўз навбатида, икки давлат халқлари фаровонлиги, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш йўлидаги салоҳиятни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates