Ўзбекистон ва Туркманистон кўп қиррали ҳамкорлик кўламини изчил оширади

    Шу йил 16 июлда Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон -Туркманистон қўшма комиссиясининг 18-йиғилиши бўлиб ўтди.

    Тадбирга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Ботир Атдаев ҳамраислик қилди. Унда икки мамлакат вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари ҳам иштирок этди.

    Конструктив фикр алмашиш чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, мавжуд келишувларни амалга оширишнинг бориши муҳокама этилди, кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

    Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришда яхши натижаларга эришилганлиги қайд этилди. Охирги 5 йил ичида товар айирбошлаш ҳажми икки баравар кўпайиб, ўтган йил охирига келиб 1 миллиард доллардан ошди. Шу билан бирга, бор имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, жумладан, Ўзбекистон -Туркманистон чегарасидаги савдо зоналарини ишга тушириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

    Томонлар кимё, автомобилсозлик, электротехника саноатида саноат кооперациясини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини, шунингдек, ҳудудлараро форуми, Ўзбекистон-Туркманистон ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ҳамда савдо-саноат кўргазмалари каби ҳамкорлик форматларини ривожлантириш чораларини кўриб чиқдилар.

    Икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтиришни назарда тутган ҳолда, транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари алоҳида муҳокама этилди. Туркманистон томонини амалдаги ва режалаштирилаётган мультимодал транспорт йўлакларига қўшиш ҳамда икки давлат ҳудуди орқали халқаро ташишлар иштирокчилари учун виза тартиб-таомилларини соддалаштириш масалаларини ҳал этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

    Томонлар маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини ҳам кўриб чиқдилар. Бу борада қўшма таълим дастурларини яратиш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш, ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, шунингдек, туризмни ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқиш устувор вазифалардан ҳисобланади.

    Учрашув якунлари бўйича томонлар Қўшма комиссиянинг 18-йиғилишининг якуний баённомасини ҳамда талабга эга бўлган товарлар ва хизматларни ўзаро етказиб бериш учун янги имкониятлар очувчи келишувларни имзоладилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates