Ўзбекистон чим устида хоккей федерациясига янги раис сайланди

    Авазжон Каримов Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси этиб сайланди.

    Бугун кун давомида Ўзбекистон чим устида хоккей федерациясининг ҳам навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

    Конференция кун тартибига мувофиқ, даставвал, федерация раиси ўринбосари Ринат Ахмадулин томонидан 2021-2024 йилларда амалга оширилган ишлар бўйича ҳисобот тақдим этилди.

    Шундан сўнг конференция доирасида ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда федерация Ижроия қўмитаси томонидан Спорт вазирининг ўринбосари Каримов Авазжон Қудратуллаевич номзодини мамлакат чим устида хоккей федерацияси раислигига илгари сурилди.

    Иштирокчилар номзодни бир овоздан маъқуллашди ва А.Каримов Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси этиб сайланди.

    Тадбирда сўз олган Авазжон Каримов билдирилган ишончли оқлашга, келгусида мамлакатимизда мазкур спорт ривожини янада ошириш йўлида бор кучини ишга солишини билдирди.

    Шундан кейин федерация Бош котиби Санъатилла Ғуломназаров Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича тақдимот билан таништирди. Бунда аввало, мамлакатимиз бўйлаб ушбу спорт оммавийлигини ошириш, терма жамоалар учун кучли рақиблар билан ўртоқлик ўйинларини ташкил этиш, хорижлик мураббийлар жалб этиш асосий мақсад эканини билдирди.

    Ўз навбатида, пойтахтимизда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчасида 2 та чим устида хоккей майдони қурилаётгани ушбу спорт ривожи йўлида катта туртки бўлиши қўшимча қилинди.

    Тадбир якунида федерациянинг янги раҳбариятига омад тиланди.