Чим устида хоккей бўйича аёллар терма жамоамиз Осиё ўйинларига йўл олди

    Бугун спортчи қизларимиз Шри-Ланка жамоаси билан куч синашади.

    Айни кунларда Индонезияда чим устида хоккей бўйича аёллар ўртасида Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари учун саралаш мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Қувонарлиси, унда иштирок этаётган қизларимиз муддатидан аввал Осиё ўйинларига йўлланмани нақд қилди.

    Аввал хабар берганимиздек, кеча жамоамиз Камбоджа устидан йирик8:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу ғалаба билан хоккейчи қизларимиз муддатидан аввал Ханчжоу-2022 йўлланмасига сазовор бўлди.

    Регламентга кўра, айлана тизимда ўтаётган лицензион турнирда кучли олтиталикка кирган жамоалар бўлажак Осиё ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Шу тариқа, жамоамиз турнир якунланишидан 1 тур аввал олдинга қўйилган вазифани уддалади. Хоккейчи қизларимизнинг мусобақада қайд этиб келаётган натижалари қуйидагича:

    1-тур: Ўзбекистон Гонконг 0:4
    2-тур: Ўзбекистон Қозоғистон 0:2
    3-тур: Ўзбекистон Индонезия 2:1
    4-тур: Ўзбекистон Сингапур 0:2
    5-тур: Ўзбекистон Камбоджа 8:0

    Юқорида айтиб ўтганимиздек, бугун қизларимиз Шри-Ланка жамоаси билан рўбарў келади. унда қандай ҳисоб қайд этилишидан қатъи назар, спортчиларимиз Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

    Эслатиб ўтамиз, ўтган ой ушбу спорт турида эркаклар жамоамиз Таиландда ўтган квалификацион мусобақа орқали илк бор Осиё ўйинлари йўлланмасига эга бўлган эди. Шу тариқа, Париж-2024 Олимпиадаси учун лицензион характерга эга бўлган Ханчжоу-2022да чим устида хоккей бўйича ҳам эркаклар, ҳам аёллар жамоаларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилади.