Тадбирда Ўзбекистон делегациясига Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони, «Нуроний» Республика жамғармаси бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев бошчилик қилди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад ТДТга аъзо давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш, гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш ва кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Йиғилишда давлатлараро ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим ташаббуслар, шунингдек, Оқсоқоллар кенгашининг туркий дунё халқлари ўртасидаги мулоқотни қўллаб-қувватлаш платформаси сифатидаги ролини кучайтиришга қаратилган янги лойиҳалар муҳокама этилди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Содиқжон Турдиев тадбирдаги нутқида, ёшлар тарбиясида, анъана ва маданий қадриятларни асраб-авайлашда оқсоқоллар муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. У Ўзбекистон ТДТ иштирокчи-давлатлари фуқароларининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини таъкидлади. Бундан ташқари, Содиқжон Турдиев Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ТДТ Оқсоқоллар кенгаши номини ўзгартириш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Тадбир давомида Ўзбекистон делегацияси қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди ва уларда ижтимоий таъминот, маданий алмашинув ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш каби соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди, деб хабар беради «Дунё» АА.