Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш ҳамда Миллий маданий марказлар Республика жамоатчилик кенгашининг халқимизга МУРОЖААТИ

    Муҳтарам юртдошлар!

    Ўзбекистон азалдан ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши ва эътиқодидан қатъи назар, барча инсонлар учун муқаддас замин, Ватан бўлиб келган.

    Юртимиз фуқаролари эътиқод қиладиган барча динларда табиатни муҳофаза қилиш ибодат даражасига кўтарилгани эътиборга молик. Хусусан, муқаддас Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди”. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради.

    Шунингдек, христианликнинг муқаддас манбаси Библияда инсон илоҳий ижоднинг гули ва бошқа мавжудотлар учун жавобгар экани таъкидланса, яҳудийлик таълимотидаги “йўқ қилинмаслик” тамойили табиат ва тирик мавжудотларга нисбатан шафқатсизлик, хусусан, мевали дарахтларни кесишни тақиқлайди.

    Буддист ахлоқ кодексида “одамларга ва бошқа мавжудотларга зарар бермаслик” қайд этилган. Ҳиндуизм ҳамда баҳоий таълимотида ҳам табиатни муҳофаза қилишга қатъий чақирилади.

    Азиз ватандошлар!

    Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, ҳавонинг ифлосланиши, шунингдек, ёғингарчилик меъёрларининг бузилиши сўзимиз тасдиғидир. Бу ҳар бир ақли расо кишини бефарқ қолдирмаслиги лозим.

    Куни кеча Президентимиз раислигида ўтказилган “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш, чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида ушбу долзарб масалага алоҳида тўхталиб, дарахт экишни оммалаштириш, умуммиллий ҳаракатга айлантириш, ушбу ташаббусга чин дилдан ёндашиш лозимлиги таъкидланди.

    Бу йил баҳорда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 125 миллион туп кўчат экиш белгиланди. Экология вазирлигига “Менинг боғим” лойиҳасини ишга тушириш топширилди.

    Ушбу мақсадда бюджетда назарда тутилган 50 миллиард сўм ажратилади. Жойларда 444 та яшил боғ ва 160 та жамоат паркини ташкил қилишга кўрсатма берилди.

    Президентимизнинг жонкуярлик билан айтган сўзлари ҳаётий асосга эга. Чунки сўнгги пайтларда аҳоли орасида атроф-муҳитга беписанд, лоқайд қараш ҳоллари кузатилмоқда.

    Бундай ҳолатлар тобора кўпайиши натижасида глобал экологик муаммолар юзага келмоқда.

    Ҳурматли юртдошлар!

    Барча дин ва миллий маданиятлар инсонларни доимо поклик ва озодаликка чақиради. Аввало қалбдан бошланган поклик руҳу танимизни, яшаб турган Ватанимизни озода сақлашга чорлайди. Зеро, ҳадиси шарифларда келтирилишича, “поклик имоннинг ярмидир”.

    Кўриниб турганидек, атроф-муҳит поклиги қалб поклиги билан бевосита уйғун.

    Хонадонларимиз, хусусан, кўп қаватли уйларнинг атрофи, ариқлар, кўчалар, қабристон ва унинг атрофини ҳашар йўли билан тозалашдек гўзал одат қадимдан халқимиз орасида урф бўлиб келган. Аммо таассуфки, сўнгги пайтларда юртдошларимиз бу қадриятлардан узоқлашаётгандек гўё.

    Шу боис, давлатимиз раҳбари бу масалага маҳалла фаоллари, нуронийлар, уламолар, миллий маданий марказлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликни эътибор қаратишга даъват этиб, барчанинг зиммасидаги муҳим вазифани шундай баён этдилар: “Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир".

    Ота-боболаримиз оғишмай амал қилиб келган ушбу ҳикматга, аввало ўзимиз риоя қилишимиз, қолаверса, ўсиб келаётган ёш авлодга гўзал тарзда ўргатишимиз керак.

    Зеро, атроф-муҳитни покиза сақлаш ҳам бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

    Минг афсуски, баъзи жойларда чиқиндиларни сувга оқизиш, йўл четларида қолдириш ҳолатлари учраб турибди.

    Айниқса, оқар сув – каналлар, ариғу анҳорларга чиқиндиларнинг атайлаб оқизилаётгани жуда ачинарли. Илоҳий манбаларнинг таълим беришича, қурғоқчиликнинг кўпайиши, деҳқончиликдан қут-бараканинг кўтарилиши, турли касалликларнинг тарқалиши ҳамда ўт, сув балоси каби табиий офатлар инсонларнинг қилмишларига яраша огоҳлантириш ҳисобланади.

    Улуғ алломалар асарларида, буюк тарихий шахсларнинг ҳикматларида атроф-муҳитга оид қатор масалалар баён этилган. Жумладан, Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида атроф-муҳитнинг инсон саломатлиги ва руҳиятига таъсирини очиб берган.

    Амир Темур бўз ерларни ўзлаштирган кишилар ёки боғ барпо қилганларни рағбатлантирган. Алишер Навоий эса табиатга хиёнатни дўстга хиёнат қилишга қиёс қилган.

    Муҳтарам юртдошлар!

    Имонли киши табиатга озор бермайди. Балки уни обод қилиш, кўкаламзорлаштириш пайида бўлади. Кўчат экиш ҳақида гап кетаркан, унинг аҳамиятини Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган куйидаги Ҳадиси шарифдан билиб оламиз: “Агар Қиёмат қоим бўлса-ю, қай бирингизни кўлида бир дона хурмо кўчати бўлса, Қиёмат қоим бўлгунча уни экишга қодир бўлса, уни экиб қўйсин”.

    Ҳақиқатда, Яратганнинг наздида обод қилувчилар қаторида бўлиш энг афзал ишлардандир.

    Шу боис, шу азиз юртнинг ҳар бир фуқароси “Яшил макон” умуммиллий тадбири доирасида ўзи яшаб турган шаҳару қишлоғини, маҳалласини обод қилишда фаол бўлиши лозим. Бу икки карра ютуқдирки, ҳам юртимиз обод бўлиб, шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси кўркамлашади, ҳам бундай хайрли ишларимизнинг савоби садақаи жория сифатида амал дафтаримизга ёзилади.

    Ушбу яхши мақсадларга эришиш дин ва эътиқоддан қатъи назар, барча фуқаролардан кучларни бирлаштиришни талаб қилади.

    Шунга асосланиб, биз, Ўзбекистонда яшаётган диний конфессиялар, миллий маданий марказлар ҳамда “Нуроний” жамғармаси раҳбарлари барча ватандошларимизга бир овоздан мурожаат этамиз:

    - жаннатмонанд Ўзбекистон табиатини асранг, уйларимиз, кўчаларимиз, маҳаллаларимиз, қишлоқ ва шаҳарларимиз тозалигига ҳисса қўшинг ва "Долзарб ўн кунлик” тадбирларида фаол бўлинг;

    - давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ташаббусларини қўллаб-қувватланг;

    - яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда муборак Ҳаж сафарига отланаётган 15 минг нафар ватандошларимиз “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” тамойили асосида ишларни ташкил этишда маҳалладошларга ўрнак бўлинг. Сизларнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларингиз бошқаларга ибрат бўлиб хизмат қилади;

    - эзгу анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда ҳар бир хонадонда фарзандлар ота-оналарига, ота-оналар фарзандига атаб дарахт кўчатлари экиши ва ўстириши ташаббусини илгари сурамиз;

    - ҳаётий тажриба, дуо ва тилаклари халқимиз учун ҳамиша катта таянч бўлиб келган 3 миллион нафардан ортиқ нуронийлардан аҳоли томонидан кўчатларни сифатли экишни ташкиллаштиришда ёшларга намуна ўлароқ янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз;

    - дарахт экиш, гулу райҳон ўстириш ва уларни парваришлашни эзгу қадриятга айлантирайлик! Муқаддас анъаналаримиз қаторида фарзандларимиз қалбига сингдирайлик!

    Яратган Парвардигор барчамизни покликка интилувчи, билганларига амал қилувчи, жисму имони, уй-жойи – Ватанини тоза тутувчи, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан қилсин!

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates