Ўзбекистон ҳудудида ЙТҲда жабрланган шахсларга ягона биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилади

    Бунда бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатиш учун транспорт воситасининг салонида туриши шарт бўлган зарур тиббий ашёлардан фойдаланилади.

    Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланган шахсларга бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

    Йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланган шахсларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам ҳодиса юз берган жойнинг ўзида тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар бирламчи шошилинч ёрдам (биринчи тиббий ёрдам) кўрсатиш тартиби тасдиқланмоқда.

    Ушбу буйруқ тасдиқлангандан сўнг Ўзбекистон ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланган шахсларга ягона биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этилади.

    Буйруқ лойиҳасига илова қилинган «Йўл транспорт ҳодисаларида жабрланган шахсларга бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш тартиби»да биринчи тиббий ёрдам кўрсатиладиган ҳолатлар ва ушбу ҳолатларда тиббий ёрдам кўрсатиш кетма-кетлиги кўрсатиб ўтилган.

    Йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланган шахсларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам ҳодиса юз берган жойнинг ўзида тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар бирламчи шошилинч ёрдам (биринчи тиббий ёрдам) кўрсатишдан, шунингдек йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойда, даволаш-профилактика муассасасига олиб борилаётганда ва даволаш-профилактика муассасасида малакали тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат.

    Бирламчи шошилинч ёрдам воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича махсус тайёргарлигидан ўтган шахслар томонидан кўрсатилади. Бунда бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатиш учун транспорт воситасининг салонида туриши шарт бўлган зарур тиббий ашёлардан фойдаланилади.

    Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича махсус тайёргарликдан ўтган қуйидаги шахслар киради:

    - ички ишлар ходимлари;

    - ҳарбий хизматчилар;

    - миллий гвардия ходимлари;

    - фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилари;

    - автотранспорт ҳайдовчилик гувоҳномалари мавжуд шахслар.

    Бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатувчи шахс аввал ушбу ёрдамни кўрсатиш учун қуйидаги шароитларни баҳолайди:

    - шахсий ҳаёти ёки соғлигига таҳдид қилувчи омилларни аниқлаш;

    - ёрдам кўрсатиладиган шахс ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид қилувчи омилларни аниқлаш;

    - ҳаёт ёки соғлиққа таҳдид қилувчи омилларни бартараф этиш;

    - жабрланган шахслар сонини аниқлаш;

    - жабрланган шахс(лар)ни соғлиқ ва ҳаётга хавфсиз жойга кўчириш.

    Бирламчи шошилинч ёрдам кўрсатувчи шахс жабрланганнинг ҳолатини қуйидаги мезонлар билан аниқлайди:

    - ҳаётга хавф солувчи қон кетишини аниқлаш;

    - ҳушида эканлигини аниқлаш;

    - нафас олаётганини аниқлаш.