Тошкентда «Made in Pakistan» кўргазмаси бошланди

    Шу йил 28 июнда пойтахтимизда «Made in Pakistan» саноат маҳсулотлари кўргазмаси ўз ишини бошлади.

    Тадбир очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Шохрух Гуламов, Покистон Савдо вазирининг биринчи ўринбосари Манги Аҳсан Али, Покистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аҳмад Фарук, вазирлик ва идоралар, икки давлат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

    Кўргазма стратегик савдо ҳамкорлари бўлган икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадида қабул қилинган қўшма «Йўл харитаси»ни амалга ошириш доирасида ташкил этилди. Стендларда Покистоннинг 90 га яқин етакчи ишлаб чиқарувчилари ва экспортчиларининг тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, мототцикллар, скутерлар, косметика, электротехника маҳсулотлари, турли IT ва логистика хизматлари намойиш этиляпти.

    Тадбирда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш кўлами ва ҳажмини кенгайтиришда ташкил этилган кўргазма муҳимлиги таъкидланди. Кўргазма ўзбекистонлик ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотди – унга ташриф буюрган Ўзбекистоннинг йирик компаниялари, тармоқ бирлашмалари ва тегишли идоралари раҳбарларининг сони 200 дан ошди.

    Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўрсаткичларининг ўсиши қайд этилди. Хусусан, сўнгги беш йил ичида икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ошиб, 2023 йилда 387 миллион долларга етди. Мамлакатлар ўртасида имзоланган Транзит савдоси ва Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимлар 17 турдаги харидоргир товарларни имтиёзли асосда етказиб бериш имконини беряпти ва бу рўйхат тобора кенгайиб боряпти.

    Ўзбекистонда Покистон капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробарга кўпайиб, 125 тага етди.

    Мамлакатимизда ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар учун яратилган қулай шарт-шароитларнинг амалий жиҳатлари ҳақида маълумот берилди ҳамда Покистон компанияларига фармацевтика, машинасозлик, электротехника, қишлоқ хўжалиги, кимё ва нефть-газ саноати соҳаларида янги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш таклиф этилди.

    Ўз навбатида, Покистон томонидан сўзга чиққанлар Ўзбекистонда яратилган ишбилармонлик муҳитини юқори баҳоладилар, кўргазма юқори савияда ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирдилар ва Покистон ишбилармон доираларини ўзбекистонлик тадбиркорлар билан фаол ҳамкорлик қилишга чақирдилар.

    Тадбир дастурига мувофиқ, B2B ва G2B музокаралари ҳам ташкил этилди. Унда икки давлат тадбиркорлари алоқалар ўрнатиш, ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини муҳокама этиш ва янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлди.

    Тадбир доирасида икки мамлакат делегациялари раҳбарлари ўртасида тор доирадаги музокаралар ҳам бўлиб ўтди, унда икки давлатнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий шериклигини янада ривожлантиришга доир аниқ чора-тадбирлар муҳокама этилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.