Ёшларга эътибор катта

    «Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ўзининг ишлаб чиқариш ва илмий салоҳияти билан Марказий Осиёдаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади.

    Бугунги катта комбинат рақобат майдонида, саноат ва металлургия тармоқлари орасида мустаҳкам ўрин олиш, шу билан бир қаторда ундан ҳам катта марраларни эгаллашдек муҳим вазифаларни амалга оширишга киришган. Бунинг учун илм, илм ва яна илм билан шуғулланишни замон шиддати талаб қилмоқда. Ушбу мақсад йўлида «Ўзметкомбинат» АЖда ёш ишчи-ходимларнинг замонавий билимлари, илмий салоҳиятларидан самарали фойдаланиш учун алоҳида эътибор берилмоқда. Комбинат бошқаруви бу борада ёшларнинг ўз мақсадларига эришиши учун кенг имкониятлар яратишга ва ҳар томонлама кўмак беришга ҳаракат қилмоқда.

    Ёшлар ойлиги доирасида 27 июнь куни Металлурглар маданият саройида «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ва «Ёшлар инновацион конференцияси» ташкил этилди. Тадбирни «Ўзметкомбинат» АЖ бошқаруви раиси – бош директор Рашид Пирматов очиб, барчани келаётган «Ёшлар куни» билан табриклади. Комбинатимиз янада тараққий этишида ёшлар муносиб ҳиссасини қўшишига ишонч билдириб, уларга муваффақиятлар тилади. Ноанъанавий, расмиятчиликдан ҳоли ўтказилган очиқ мулоқотда ёшлар ўз муаммо, фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Ўзларини ўйлантираётган масалалар, қизиқтираётган саволларни ўртага ташладилар. Тадбирда ёшларнинг мақсадларига эришиши учун кенг имкониятлар яратилишига ҳар томонлама кўмак бериш комбинат раҳбарларининг энг устувор вазифаси бўлиб қолиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

    «Ёшлар инновацион конференциясида» 11 та лойиҳа тақдимоти ўтказилди. Экологияни асраш, ёйли пўлат эритиш печининг («ЁПЭП-100 УМК») кичик гумбазини марказлаштириш учун махсус қурилмадан фойдаланиш, импорт ўрни босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва пўлат золдирлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, «Иккиламчиқораметаллар» филиаллари фаолияти тарихи ва уларнинг техник тараққиёти, Шихта оралиғи кранларининг иши каби комбинатда бугунги кундаги долзарб масалалар бўйича ёшлар ўзларининг лойиҳалари билан йиғилганларни таништирди. Комбинат раҳбарияти бу лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, уларни амалга ошириш бўйича фикрларини билдириб ўтди.

    Шундан сўнг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 11 нафар лойиҳа муаллифларига, бир гуруҳ ёш металлургларга «Ташаккурнома» ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, «Ёш китобхон», «Ёш лаборант» кўрик-танловида ғолиб ва совринли ўринларни эгаллаган танлов иштирокчиларига ҳам «Ташаккурнома» ҳамда пул мукофотлари тақдим этилди.

    Тадбирдан сўнг иштирокчилар «Бахт уйи»га байрам дастурхонига таклиф этилди. У ерда Металлурглар маданият саройининг бадиий ҳаваскорлари концерт дастурини намойиш этишди. Ёшлар ойлиги доирасида комбинатда ўтказилган тадбирлар барчада катта таассурот қолдирди.

    Исмадиёр МАМАТҚУЛОВ.

    «Ўзметкомбинат» АЖ Ахборот хизмати.