Ўзбекистон ҳудудлари ва Россиянинг Сахалин вилояти ўртасидаги ҳамкорлик янада жадаллашади

    Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари амалий ташриф билан Сахалин вилоятида бўлди.

    Ташриф давомида Россия ТИВнинг Южно-Сахалинск шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари Владимир Носов билан учрашув ўтказилди.

    Мулоқот чоғида томонлар турли йўналишларда амалий ҳамкорликни ташкил этиш юзасидан фикр алмашдилар. Таълим соҳасида икки мамлакат ўртасидаги конструктив алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани, бунинг натижасида Россиядаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар сони ошаётгани таъкидланди.

    Суҳбат чоғида турли даражадаги бўлажак қўшма тадбирлар, икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар муҳокама этилди.

    Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида доимий мулоқотни давом эттиришга келишиб олишди.

    Дипломатлар, шунингдек, Сахалин вилояти инвестициялар, саноат ва ташқи алоқалар вазири Василий Грудев билан учрашув ўтказдилар. Вазир минтақага ташриф буюрган Бош консулхона ходимларига миннатдорлик билдириб, Сахалин вилояти ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларини муҳокама қилишга тайёр эканлигини таъкидлади.

    Консулхона вакиллари Ўзбекистонда савдо-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот бердилар.

    Россия вакилининг айтишича, сўнгги йилларда ҳудудда Ўзбекистондан келтирилган мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари, шунингдек, юқори сифатли ва халқаро талабларга жавоб берадиган маиший ва электро техника жиҳозлари оммалашиб боряпти. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг маҳаллий аҳоли орасида жозибадор сайёҳлик йўналиши сифатида машҳурлиги ортиб бораётгани таъкидланди.

    Учрашув якунида Ўзбекистон ва Россиянинг Сахалин вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, туризм ва гуманитар алоқаларни биргаликда ривожлантириш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради «Дунё» АА.