Ўзбекистон ОТМлари нуфузли рейтингда

    улар осиёнинг энг етакчи университетлари қаторидан жой эгаллади

    QS (Quacquarelli Symonds World University Rankings) халқаро рейтинг агентлиги ташаббуси билан Индонезия пойтахти Жакартада “Осиё-Тинч океани минтақасида олий таълимнинг янги имкониятлари ва долзарб масалалар ечими” мавзусида халқаро саммит бўлиб ўтмоқда. Иштирокчилар Осиё-Тинч океани минтақасини ривожлантириш тенденциялари, жумладан, олий таълим тизимида ўқитиш сифатини ошириш ва халқаро миқёсда рақобатбардош кадрлар тайёрлашда ҳамкорликни йўлга қўйиш каби қатор масалаларни муҳокама қилмоқда.

    Саммит доирасида QS халқаро рейтинг агентлигининг Осиё-Тинч океани минтақасидаги олий таълим муассасалари бўйича рейтинги ҳам эълон қилинди. 2023 йил учун Осиёдаги университетлар рейтингида мамлакатимизнинг 8 та олий таълим муассасаси илк бор қитъанинг энг етакчи университетлари мингталигидан жой олди. Булар ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент молия институти, Самарқанд давлат университети, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат педагогика университети, Қорақалпоқ давлат университети.

    Мазкур рейтингда Марказий Осиё давлатлари ҳамда ривожланаётган мамлакатлар олий таълим муассасалари вакиллари биринчи маротаба иштирок этаётир. Бундан кейин Марказий Осиё ҳудудий рейтинги бекор қилиниб, унда жойлашган давлатлар олий таълим муассасалари Осиё университетлари рейтинги билан бир қаторда тартибланади. Натижалар университетлар учун алоҳида ёндашув методологияси асосида эълон қилинади. Бу йилги рейтингдан 757 та университетнинг натижаси жой олган бўлиб, 34 та ОТМ янги иштирокчи ҳисобланади.

    Президентимизнинг 2021 йил 10 декабрдаги “Иқтисодиёт тармоқлари учун муҳандис кадрларни тайёрлаш тизимини инновация ва рақамлаштириш асосида тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университетини трансформация қилиш ва комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш ҳамда 2025 йилга қадар халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи мингталик рўйхатига киритиш вазифалари белгиланган эди.

    Қувонарлиси, қарорда белгиланган вазифалар ижроси доирасида қилинган ишлар самараси ўлароқ, ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети QS Asia University Rankings 2023да Осиё-Тинч океани минтақаси университетлари орасида 301-ўрин, Ўзбекистон олий таълим муассасалари орасида 1-ўринда қайд қилиниб, 40 фоизли энг илғор университетлар қаторидан жой олди. Ўзбекистон Миллий университети ҳам Осиё университетлари рейтингига кирди. Бу натижага эришилгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Миллий университети халқаро рейтинг агентликлари билан мунтазам алоқа ва ҳамкорликни йўлга қўйган. QS халқаро экспертлари томонидан таҳлил қилинганда олий таълим муассасасининг натижалари “Халқаро ҳамкорлик” рейтингида 141-ўриндалиги, бу университетнинг энг кучли жиҳати экани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, академик салоҳияти бўйича 165, битирувчиларига иш берувчиларнинг нуфузига кўра 251+ ўринни эгаллаб, умумий рейтингда 351-ўрин билан энг илғор 500 университет қаторидан жой олди.

    Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида 2026 йилга қадар 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини QS ва THE халқаро рейтингларига киришга мақсадли тайёрлаш, олий таълим муассасаларининг бу рейтингларга кириши учун мақсадли дастур ишлаб чиқиш белгиланган. Шунингдек, 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини танлаш, салоҳияти ва ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, халқаро рейтингларга киритиш бўйича 5 йилга мўлжалланган мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш кўзда тутилган. Ана шу муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида юртимиз ОТМлари нуфузли халқаро рейтингларда муносиб иштирок этмоқда.

    Айтиш жоизки, ҳар бир рейтинг турли шарт ва саволлардан иборат бўлса-да, уларнинг ўзига хос мақсад-муддаоси мавжуд. Жумладан, QS Asia University рейтинги университетларнинг таълим ва илмий тадқиқот фаолиятидаги рақамлар мувофиқлиги асосида сифатли ўқитиш жараёни мавжудлигини белгилайди. Шу маънода, Ўзбекистон Миллий университетининг халқаро рейтинглардаги кўрсаткичи юқорилаётгани мамлакатимизда таълим соҳасидаги тизимли янгиланишлар самара бераётганини кўрсатади.

    Раима ШИРИНОВА,

    Ўзбекистон Миллий университетининг

    халқаро алоқалар бўйича проректори

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates