Ўзбекистон Президенти амалий ташриф билан Озарбайжонда бўлади

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 5-6 июль кунлари амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.

    Давлатимиз раҳбари Шуша шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг "Транспорт ўзаро боғлиқлиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш орқали барқарор келажакни барпо этиш" мавзусидаги норасмий саммитида иштирок этади.

    Саммит давомида кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация ва инвестиция-молия соҳаларида, шунингдек, "яшил" иқтисодиёт, қайта тикланадиган энергетика, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

    Делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқадилар.

    Тадбир якунида қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.