Кўп қиррали Ўзбекистон-Саудия ҳамкорлигини янада кенгайтириш, энг аввало, Ўзбекистон Президентининг жорий йил август ойидаги Саудия Арабистонига ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида инвестициялар вазири самимий қабул учун Ўзбекистон етакчисига миннатдорлик билдириб, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Давлатимиз раҳбари икки томонлама муносабатлар жадал ривожланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этди. Жумладан, жорий йил бошидан ўзаро савдо ҳажми қарийб 10 баробар ошди. Мамлакатимизда Саудия инвестициялари иштирокида 40 та корхона ташкил этилган.
Биргаликда энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, банк, телекоммуникациялар, тиббиёт ва туризм соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Саудия тараққиёт фонди кўмагида соғлиқни сақлаш, таълим ва сув таъминоти соҳаларида қатор ижтимоий аҳамиятга эга дастурлар рўёбга чиқарилмоқда.
Бугун Саудия Арабистонининг 30 дан ортиқ етакчи компанияси иштирокида ўтган бизнес форумининг самарали якунлари юксак баҳоланди. “ACWA Power” компанияси билан Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида учта шамол электр станциясини қуриш бўйича инвестиция битими имзолангани тадбирнинг муҳим натижаларидан бири бўлди.
Музокаралар чоғида Марказий Осиё минтақасида йирик инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суриш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бошланган инвестиция лойиҳаларининг бажарилишини жадаллаштириш ва янгиларини тайёрлаш борасидаги, шу жумладан Ишбилармонлар кенгаши доирасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишиб олинди.