Ўзбекистон Президенти туркий тилли давлатларнинг кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича муҳим таклифлар билдирди

    Ҳукумат 12 ноябр 2021 6634

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитида иштирок этди.

    Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан тадбир Истанбулдан жануби-шарқда жойлашган ҳамда Туркия учун тарихий аҳамиятга эга бўлган Демократия ва эркинлик оролида бўлиб ўтди.

    Кенгаш мажлисида, шунингдек, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан қатнашди.

    Саммит кун тартибига мувофиқ, савдо, инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ва маданият соҳаларидаги кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

    Давлатимиз раҳбари ўз нутқининг аввалида Ўзбекистон Туркий Кенгаш номини «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартириш ҳамда Туркманистонга ташкилотда кузатувчи мақомини бериш тўғрисидаги тарихий қарорларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Бу муҳим қадамлар ташкилот фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, унинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини ошириши қайд этилди.

    Ҳозирги вақтда дунёда юз бераётган шиддатли жараёнлар, турли таҳдид ва хатарлар, пандемия синовлари, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлим ўзгариши ва экология билан боғлиқ муаммолар ташкилотга аъзо давлатлар олдига янги долзарб вазифаларни қўяётгани таъкидланди.

    Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбари мамлакатларимиз ҳамкорлигининг улкан салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ва ташкилотни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.

    Мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқалари кенгайиши учун қулай ва жозибадор шароитлар яратиш бош устувор вазифа экани кўрсатиб ўтилди.

    Охирги йилларда Ўзбекистоннинг қардош мамлакатлар билан умумий товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошгани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, бу кўрсаткич мавжуд имкониятлар даражасида эмас. Таҳлилларга кўра, 2020 йилда Кенгашга аъзо давлатларнинг жами импорти 420 миллиард долларга тенг бўлган, улар ўртасидаги ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажми эса 21 миллиард долларни ташкил этган.

    Шу боис, учинчи давлатларнинг маҳсулотларини ташкилотга аъзо мамлакатларда ишлаб чиқариш мумкин бўлган товарлар ҳисобидан қоплаш энг долзарб вазифа экани қайд этилди.

    Бу борада мавжуд имкониятларни ҳар томонлама ўрганиш мақсадида Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш таклифи билдирилди. Ушбу марказ савдо тўсиқларини бартараф этиш, электрон тижоратни кенг жорий қилиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

    Ўзбекистон Президенти транспорт ва транзит соҳаларини ривожлантириш ҳамкорликнинг муҳим йўналиши экани, Ташкилотдаги мамлакатларнинг савдо-иқтисодий шериклиги кенгайишига хизмат қилишини таъкидлади.

    Бугунги вазият Хитойдан Европагача мамлакатларимиз ҳудудлари орқали ўтган трансқитъавий транспорт йўлакларини янада ривожлантириш ва янгиларини яратишни тақозо этмоқда.

    Бу борада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида “Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастури”ни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

    Давлатимиз раҳбари саноат кооперациясини кучайтиришга чақирди. Бу борада қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун аъзо давлатлардаги ихтисослашган ташкилотлар негизида Инжиниринг ва технологиялар марказлари ташкил этиш таклифи билдирилди. Келгуси йили Ўзбекистон Туркий давлатлар саноат ҳафталигини ўтказишга тайёр экани маълум қилинди.

    Кенгашнинг мазкур саммити учун “Рақамли асрда яшил технологиялар ва “ақлли” шаҳарлар” мавзуси танланганини ҳисобга олиб, Президентимиз “ақлли” шаҳарларни яратишда тажриба алмашиш ва инновацияларни трансфер қилиш мақсадида экспертлар ва IT-мутахассислар учун доимий платформани ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бу борада илк қадам сифатида 2022 йилда экспертлар конференциясини ўтказиш таклиф қилинди.

    Давлатимиз раҳбари ўз нутқида иқлим ўзгариши, унинг Ташкилот мамлакатларига таъсирини юмшатиш масаласи ва Орол денгизининг қуриши келтириб чиқараётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди. Экологик ҳалокатларнинг салбий оқибатларини юмшатиш, улар тарқалишининг олдини олиш учун Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш, унинг қароргоҳини эса Оролбўйининг экологик фожиадан энг кўп жабр кўрган туманларидан бирида жойлаштириш ғоясини илгари сурди.

    Ўзбекистон Президенти туризмни ривожлантириш мавзусига алоҳида урғу бериб, «Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш ва тиклаш масалалари, соҳадаги ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини қамраб олган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

    Давлатимиз раҳбари бу галги саммит давомида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилингани учун миннатдорлик билдириб, ташкилотга аъзо мамлакатлар фондларида сақланаётган нодир асарларни тадқиқ ва таржима қилиш, уларнинг ягона электрон базасини яратиш муҳимлигини таъкидлади.

    Биргина Ўзбекистон фондларида ташкилот мамлакатларининг муштарак тарихи ва маданиятига алоқадор 200 мингдан ортиқ ноёб қўлёзма асарлар сақланмоқда. Шу муносабат билан Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

    Ёшлар ташкилотга аъзо мамлакатлар аҳолисининг катта қисмини ташкил этаётгани, ёш авлоднинг халқларимиз ҳаёти ва тақдиридаги, ўзаро муносабатларимиз ривожидаги ўрни тобора ортиб бораётгани қайд этилди.

    Ўзбекистон етакчиси ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, креатив ғоя ва лойиҳаларини рағбатлантириш, миллий қадриятларимизга ёт бўлган таъсирлардан асраб-авайлаш барчамизнинг асосий вазифалардан бири эканини таъкидлади.

    Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари 2022 йилни Туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилишни таклиф этди. Унинг доирасида биргаликда аниқ чора-тадбирлардан иборат қўшма дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мазкур масалани навбатдаги саммит кун тартибининг асосий мавзуси этиб белгилаш таклиф этилди.

    Президентимиз ўз нутқида барчанинг эътибори марказида турган Афғонистондаги ҳозирги мураккаб вазиятга тўхталди.

    - Ушбу мамлакатнинг гуманитар инқирозга тушиб, халқаро майдонда яккаланиб қолишига, унинг террорчилар маконига айланишига йўл қўймаслик ниҳоятда долзарбдир.

    Афғонистоннинг янги Ҳукумати билан мулоқотларда ёндашувларимиз умумий ва якдил бўлиши лозим, - деди Шавкат Мирзиёев.

    Саммит якунида ташкилотга раислик Озарбайжон Республикасига ўтиши ва Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказилиши тўғрисидаги қарорлар қабул қилинди.

    Давлат раҳбарлари саммитнинг якуний декларацияси, “Туркий дунё нигоҳи - 2040” каби мажлис кун тартибига киритилган 10 дан ортиқ ҳужжатни имзоладилар.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates