Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Устувор йўналишлардаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Суҳбат аввалида икки мамлакат етакчилари Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан бир-бирини самимий қутлаб, фахрийларимиз, дўст халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Россия Президенти давлатимиз раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича умумхалқ референдуми муваффақиятли ўтказилгани билан ҳам табриклади.
Учрашувда икки мамлакат етакчи корхона ва компанияларининг жорий ва истиқболли кооперация лойиҳаларини, шу жумладан Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида қўллаб-қувватлаш муҳим экани таъкидланди.
Ўтган ойда Тошкент шаҳрида ўтган “Иннопром” халқаро саноат кўргазмасининг самарали натижалари юқори баҳоланди.
Ўзаро товар айирбошлаш суръатини таъминлаш бўйича мувофиқлаштирилган чораларни кўриш зарурлиги қайд этилди. Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари даражасидаги фаол мулоқотлар қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, томонлар жадал маданий-гуманитар алмашинувни давом эттиришдан, жумладан, соғлиқни сақлаш, фан ва таълим, маданият ва санъат соҳаларида тадбирлар ўтказишдан манфаатдор эканини билдирди.
Бўлажак халқаро тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.