Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Шу муносабат билан 2021 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-703-сон «Судлар тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Қонун 14 боб, 101 моддадан иборат ҳамда қонунга «Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Низом, «Судьяларнинг малака даражалари тўғрисида»ги Низом, «Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида»ги Низомлар илова қилинган. Мазкур қонун мамлакатимизда сўнги йилларда суд ҳокимияти фаолиятида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида киритилган барча ўзгаришларни ўзида қамраб олган. Жумладан, қонуннинг 2-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида суд тизими:
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди;
ҳарбий судлар;
Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;
фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари;
жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари;
туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари;
туманлараро маъмурий судлардан иборат қилиб белгиланди.
Шунингдек, қонуннинг 4-моддасига асосан суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.
Қонуннинг 5-моддасига кўра, судьялар корпусини шакллантириш судьяларнинг мустақиллиги принципига қатъий мувофиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби алоҳида қонун билан белгиланади.
Қонунда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ваколатлари (2-боб), Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг таркиби, ваколатлари(3-боб), Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар суди. Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар суди. Туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий суди, уларнинг таркиби, ваколатлари (4-боб), Ҳарбий судлар тизими, ваколатлари(5-боб), Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, таркиби, ваколатлари (6-боб), Туманлараро маъмурий суд, таркиби (7-боб), Судьяларнинг мақоми, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари (8-боб), Судьялар мустақиллигининг асосий кафолатлари (9-боб.), Судьяларни сайлаш ва тайинлаш тартиби (10-боб), Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, жавобгарликка тортиш асослари (11-боб.), Судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш асослари (12-боб), Судьяларнинг ва улар оила аъзоларининг моддий ҳамда ижтимоий таъминоти (13-боб) асослари ва тартиби белгиланган.
Эндиликда туман ёки шаҳар судининг судьяси этиб тайинлаш ёки сайлаш учун юридик касб бўйича энг кам иш стажи 5 йил ўрнига 7 йил, вилоят судьялигига 7 йил ўрнига 10 йил, Олий суд судьялигига 10 йил ўрнига 15 йил этиб белгиланди. Шунингдек, ваколат муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади. Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади. Ушбу Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирган.
А.И.Кудратов,
Жиззах туманлараро иқтисодий
суди раиси
У.С.Базаров,
Жиззах туманлараро иқтисодий
суди судьяси