Ўзбекистон-Швеция: тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларидан иборат делегация шу кунларда Швециянинг Стокгольм ва Гётеборг шаҳарларида соғлиқни сақлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Делегация таркибида Тошкент тиббиёт академиясининг ўқув ишлари проректори Шуҳрат Боймуродов ҳам бор.

    Икки томонлама манфаатли учрашувлар 27 апрелга қадар давом этади. Хизмат сафарининг муҳим жиҳатлари тўғрисида профессор Ш.Боймуродов билан боғланиб, интервью олдик.

    — Сафаримизнинг биринчи куни Стокгольм шаҳридаги Каролинска институти ректори Анника Вернерсон билан учрашдик. Мулоқотимиз қизғин музокара, таклиф ва мулоҳазаларга бой бўлди, — дейди профессор. — Учрашувда ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишилди. Бизни мамнун этгани талабалар мобиллиги, илмий лойиҳаларни амалга ошириш, илмий мақолалар чоп эттириш ҳамда илмий даражали мутахассислар ва магистрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик юзасидан келишувларга эришдик.

    Иккинчи куни “Электа” компанияси раҳбарияти билан учрашдик. У дунёга машҳур “гамма пичоқлари”ни ишлаб чиқаради. Бу ускуна жарроҳлик амалиётида организмнинг чуқур қисмида жойлашган ўсимталарни олиб ташлашда ишлатилади. Учрашувда “гамма пичоғи” ишлаб чиқарувчи завод фаолияти билан танишиб, бу борада ҳам ҳамкорлик қилишга келишилди. Ушбу пичоқларнинг хавфсизлиги, онкология ва радиологияда самарали фойдаланиш бўйича семинар-тренингда иштирок этдик.

    Сафарнинг учинчи куни Стокгольм шаҳридаги “Гетинге” компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказдик. Бу компанияси COVID-19 пайтида бутун дунёга сипан, нафас олиш ва наркоз аппаратларини етказиб беришда етакчилик қилгани барчага маълум. Бугун ҳам инновацион жараёнлар асосида сипан, наркоз юрорувчи аппаратлар, жарроҳлик столлари ишлаб чиқаришда илғор лойиҳаларни илгари сурмоқда. Буюртмалар сони кун сайин ўсиб бораётган компанияда ҳатто 200-300 граммлик чақалоқлар учун сунъий нафас бериш аппаратлари ишлаб чиқарилаётганидан ҳайратга тушдик.

    Бундан ташқари, ўзиюрар жарроҳлик столи, лампа ва камералар билан жиҳозланган, замонавий трансляцияга мослаштирилган жарроҳлик қурилмалари бизда қизиқиш уйғотди. Завод раҳбарияти билан музокаралар жараёнида мана шу ускуналарни мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларига олиб келиб ўрнатиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан келишувга эришилди.

    Маълумот учун: Каролинска институти Швеция тиббиёт таълими соҳасида Европадаги энг йирик таълим муассасаларидан бири бўлиб, 1810 йилда ташкил этилган. Айни пайтда мазкур олийгоҳ машҳур швед кимёгари ва минералоги Берзелиус Жонс Якоб, шифокор Гус Магнус, нейрохирургия кашфиётчиси ва тадқиқотчиси Герберт Оливекруна, радиожарроҳлик асосчиси Ларс Лекселл, таниқли радиолог Свен Ивар Селдингер билан фахрланади.

    Дунёга машҳур Нобель мукофотининг физиология ва тиббиёт йўналиши бўйича совриндорларини баҳолашда айнан Каролинска институтининг 50 дан ортиқ профессори иштирок этиб келади, дейилади Тошкент тиббиёт академияси ахборот хизмати хабарида.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates