Мазкур тантанали маросимда Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Нарбаева ҳам иштирок этди ҳамда ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиларига омад тилади.
Улкан натижаларга эришиш йўлида спортчиларимиз мураббийлари билан машаққатли меҳнат қилгани, Олимпиада лицензияси учун кескин кечган мусобақаларда энг кучли рақибларини енгиб, ҳақиқий спорт лидерларига айлангани таъкидлаб ўтилди.
Ўзбекистон делегациясининг бу йилги Олимпия ўйинларида ҳам ўз тарихида энг кўп аёл спортчи билан қатнашиши эътироф этилди. Бу эса, мамлакатимизда хотин-қизлар спортига берилаётган алоҳида эътиборнинг натижасидир.
Сўзга чиққан барча тадбир иштирокчилари жорий ёзги Олимпия ўйинларида ҳам спортчиларимиз шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтаришига ҳамда давлатимиз мадҳиясининг баралла янграшига ўз ҳиссасини қўшишига ишонч билдирди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.