Ўзбекистон спортчилари Олимпия ва Паралимпия ўйинларига комплекс тайёрланади

    Спорт 9 июл 2025 1072

    “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–221-сон, 08.07.2025 й.) қабул қилинди.

    Қуйидагилар Ўзбекистон спортчиларини Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлашнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди.

    Жумладан:

    • спортнинг устувор тоифадаги бокс, дзюдо, таэквондо, эркин кураш, оғир атлетика турлари бўйича медаллар сонини ошириш;
    • спортнинг ривожланаётган тоифадаги триатлон, волейбол, стол тенниси, баскетбол, замонавий беш кураш каби 21 та тури бўйича лицензияларни қўлга киритиш;
    • халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш.

    Шунингдек, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида эришган натижалардан келиб чиқиб, спорт турлари устувор, истиқболли ва ривожланаётган тоифаларга ажратилади.

    Устувор, истиқболли ва ривожланаётган тоифалардаги спорт турлари рўйхати ҳар 4 йилда Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ўтказилган календарь йилнинг якунига қадар қайта кўриб чиқилади ва тасдиқланади.