Хусусан, 2024 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон технологик металлар комбинати дунёдаги энг нуфузли университетлардан бири АҚШнинг Колорадо конлар мактаби билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўймоқда.Икки ташкилот вакиллари ўртасида ўтказилган ҳамкорлик учрашувида соҳада инновацион лойиҳалар ва таълим дастурларини такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар муҳокама қилинди.
Икки томонлама таълим тизимининг афзалликлари
Колорадо конлар мактаби билан ҳамкорликни амалга ошириш орқали қўшма ўқув режалар ишлаб чиқилиб, мутахассисларни тайёрлаш учун мослаштирилган дастурларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун халқаро тажриба орттириш имкониятлари яратилиб, йилига 10 дан ортиқ талаба ва мутахассислар Колорадо конлар мактабида амалиёт ўтаб, илғор тажрибаларни ўрганиш имконига эга бўлишади. Икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорлик сабабли, ёш мутахассисларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, технологик инновацияларга йўналтирилган лабораторияларни ташкил этиш ва уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, мамлакатимизнинг иқтидорли талабалари учун Колорадо конлар мактабида ўқишга мўлжалланган махсус стипендия дастурларини йўлга қўйиш, қўшма илмий-тадқиқот лойиҳалари учун халқаро грантлар ажратиш муҳим вазифалар сифатида қаралмоқда.
Технологик металлар олий мактаби ташкил этилади
Ўзбекистон технологик металлар комбинати Колорадо конлар мактаби билан ҳамкорликда Технологик металлар олий мактабини ҳам ташкил этишни режалаштирган бўлиб, унда таълим ва тадқиқот жараёнлари халқаро стандартлар асосида, замонавий талабларга мос равишда йўлга қўйилади. Бу таълим муассасаси инновацион ёндашувлар ва илғор технологиялар орқали юқори малакали мутахассислар тайёрлашни мақсад қилган. Йиллик битирувчилар сони 50-70 нафарни ташкил этиб, улар нафақат миллий, балки халқаро бозорда ҳам талабгир бўлган, юқори савиядаги кадрлар сифатида фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, Технологик металлар олий мактаби доирасида соҳа мутахассислари учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилади. Ушбу курслар орқали эса кадрлар соҳанинг энг янги тенденциялари ва ишлаб чиқариш технологиялари билан танишиб, ўз профессионал даражаларини ошириш имкониятига эга бўладилар.Халқаро стандартларга мос таълим дастурлари мутахассисларга нафақат назарий билимларни, балки амалиётда қўллаш учун зарур бўлган кўникмаларни ҳам тақдим этади. Бу эса уларнинг касбий малакасини юқори босқичга кўтариб, дунё миқёсида рақобатбардош кадрлар сифатида етишиб чиқишларига ёрдам беради. Шу тариқа, ушбу мактаб металлургия соҳасидаги барқарор ривожланиш ва профессионал кадрларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади.
Колорадо Конлар Мактаби вакили Кадри Дегдилен:
ЎзТМК ташаббуси билан Колорадо конлар мактаби вакили мамлакатимизнинг бир қатор етакчи университетлари, хусусан, Тошкентдаги Марказий Осиё университети ҳамда Тошкент давлат техника университетида ҳам бўлиб, профессор-ўқитувчилар учун илмий учрашувларда иштирок этди. Ушбу тадбирлар давомида университетларнинг илмий ходимлари халқаро тажриба ва инновацион ёндашувлар билан танишиш, соҳага доир илғор методикаларни ўрганиш имкониятига эга бўлишди. Айтиш жоизки, Ўзбекистон технологик металлар комбинати ва Колорадо конлар мактаби ўртасидаги ҳамкорлик мамлакатимизнинг илмий-инновацион тадқиқотлар соҳасидаги етакчи мавқейини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.