Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Бу ҳақда у ўзининг телеграмдаги саҳифасида маълум қилди. Таъкидланишича, суҳбат самарали бўлган.
Суҳбатда ўзаро ишонч, қўллаб-қувватлаш ва стратегик шерикликка асосланган мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарининг ривожланаётгани таъкидланди.
«Ўтган йилги Душанбега давлат ташрифи чоғида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича муҳим келишувларга эришилди ва Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланиши алоқаларимизда янги даврни бошлаб берди. Ишончимиз комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлайди ва 2025 йилда қардош халқларимиз учун янги ютуқлар олиб келади», — деб ёзади вазир ўз саҳифасида.