Муштарак тил ва тарих, ўхшаш маданият ва анъаналар, яқин дўстлик ва қардошлик муносабатлари Ўзбекистон билан Туркияни бирлаштириб туради. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи кенг қамровли стратегик шерикликни янада кенгайтиришга хизмат қилганлиги билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилишида ҳамкорликдаги вазифалар белгилаб олинди. Унинг якунида кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларация имзоланди. Шунингдек, икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида кўп қиррали шерикликнинг кўплаб соҳаларини қамраб олган 19 та ҳужжат имзолангани ҳам ҳамкорликни янада янги босқичга кўтаради.
Туркия билан сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувлар жадал ривожланмоқда, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик фаоллашмоқда.
Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми 1,5 баробарга, қўшма корхоналар сони 2 баробарга, Ўзбекистон иқтисодиётига турк инвестициялари ҳажми 2,5 баробарга ошди. Икки давлатнинг йирик шаҳарлари ўртасида ҳафтасига 90 та парвоз амалга оширилмоқда, Туркиядан келаётган туристлар оқими 3 баробарга кўпайди.
Анқара шаҳрига ташриф доирасида Президентимизни «Туркия Республикаси нишони» билан тақдирлангани барчамизни янада қувонтириб юборди. Таъкидлаш жоизки, Туркия Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ мазкур олий мукофот Туркия билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган давлат арбобларига берилади.
Кўп асрлик дўстлик ва биродарлик ришталарига асосланган ҳамда кейинги йилларда икки давлат етакчисининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, барча соҳалар каби олий таълимда ҳам ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Фарғона давлат университетида Туркиянинг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик кўлами янада кенгайиб бормоқда. Турк ҳамкасбларимиз билан фаол мулоқот йўлга қўйилди, бунинг натижасида таълим йўналишида илғор тажрибалар ўртоқлашиляпти. Турк ва ўзбек тили бўйича курслар ташкил этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Туркияга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб берди. Имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар икки давлат муносабатлари ва қардош халқлар дўстлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Азизахон Расулова,
Фарғона давлат университети
ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири









