Ўзбекистон ва ЕИ ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Брюсселда Европа Кенгаши Президентининг Ташқи сиёсат бўйича Бош маслаҳатчиси Саймоном Мордю билан учрашди.

    Учрашув кун тартибидан Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кўп қиррали шерикликнинг бугунги ҳолати ва уни чуқурлаштиришнинг истиқболлари ўрин олди. Барча устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришнинг ижобий динамикаси, шунингдек, турли даражаларда икки томонлама алоқалар мунтазам йўлга қўйилганлиги қайд этилди.

    Шу куннинг ўзида бироз аввалроқ Брюсселда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Европа Иттифоқи ҳамкорлик қўмитасининг 18-йиғилиши якунлари ижобий баҳоланди. Томонлар инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда истиқболли йўналишларда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.

    Шу нуқтаи назардан, ўзаро савдо кўрсаткичларининг сезиларли ўсиши қайд этилди. Жумладан, жорий йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари ўртасидаги товар айланмаси 22 фоизга, Ўзбекистондан ЕИга экспорт эса 86 фоизга ошди. Энг катта ўсишни кўрсатган товарлар тоифалари орасида кимё саноати маҳсулотлари (6 марта ўсиш), тўқимачилик (90 фоизга ўсиш) ва озиқ-овқат маҳсулотлари (65 фоизга ўсиш) бор эди. Бунга кўп жиҳатдан Ўзбекистон томонидан 2021 йилда Европа Иттифоқининг «GSP+» Преференциялар бош тизимининг бенефициар мақомини олиши туфайли эришилди. Фурсатдан фойдаланиб, томонлар «GSP+» тизими доирасида ЕИ мониторинг миссиясининг Ўзбекистонга ташрифи якунларини муҳокама қилдилар ва ушбу тизимнинг бенефициари сифатида унинг афзалликларини амалда қўллаш мақсадида мамлакат томонидан ратификация қилинган барча 27 халқаро Конвенция талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.

    Учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲТБ) лойиҳаси бўйича музокаралар якунлангани ва унинг парафирлангани мамнуният билан қабул қилинди. Битимнинг парафирланиши ташқи сиёсат, хавфсизлик, тармоқлараро ҳамкорлик, инвестициялар ва савдо каби кенг кўламли йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун мутлақо янги, кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.

    Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиш мавзусига тўхталар экан, Ўзбекистон томони ЕИнинг Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича Ишчи гуруҳининг 5-йиғилишини ташкил қилиш ва ўтказишда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Бу йўналишда ҳамкорлик қилиш бўйича навбатдаги саъй-ҳаракатлар белгилаб олинди.

    Мулоқот чоғида 2022 йил давомида бир қатор қўшма тадбирларни, жумладан, «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» саммити, ўзаро боғлиқлик масалалари бўйича Вазирлар конференцияси ва қўшма Туризм форумини ташкил қилиш ва ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

    Учрашув якунида кўриб чиқилган ҳамкорлик йўналишлари доирасида умумий масалаларни илгари суриш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates