Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

    Жорий йил 5 июлда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг Тошкентда бўлиб ўтаётган еттинчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозирийни қабул қилди.

    Суҳбат чоғида Хусрав Нозирий Ўзбекистоннинг ИҲТга раислиги ушбу ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг ИҲТда Раислиги концепциясини амалга ошириш доирасида қабул қилинган «Йўл харитаси» ўз вақтида ва тизимли тарзда бажарилиб келиняпти.

    ИҲТнинг режасига мувофиқ 2022 йилда ўтказиладиган қўшма тадбирлар, шу жумладан 2022 йил ноябрда Тошкентда ўтказиладиган Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг 26-йиғилишига тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

    Учрашув давомида таъминот занжирларининг узилиши ва давом этаётган глобал пандемия билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш масалалари ҳам муҳокама этилди. Минтақада транспорт коммуникациялари ва савдони тизимли равишда тиклаш бўйича қўшма мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш истиқболлари кўриб чиқилди. ИҲТ мамлакатлари Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериклари эканлиги нуқтаи назаридан бу масала мамлакатимиз учун долзарбдир. 2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва ИҲТ мамлакатлари ўртасидаги товар айланмаси 11,1 миллиард долларни ташкил қилди, бу эса 2017 йилга нисбатан 1,8 баробар кўпдир. Ўзбекистонда ИҲТ мамлакатлари инвесторлари иштирокида 5 300 дан ортиқ қўшма ва хорижий корхоналар ташкил этилган.

    Томонлар конструктив тарзда ИҲТ ҳудудининг транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Шу мақсадда товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланишига ёрдам берадиган, шунингдек, аҳолининг турмуш шароити ва сифатини яхшилайдиган транспорт - коммуникация лойиҳаларини амалга оширишни фаоллаштириш режалаштирилди.

    Учрашув якунида муҳокама этилган барча ташаббус ва келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни янада кучайтиришга ўзаро содиқлик билдирилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates