«Янги Ўзбекистон» учун хос бўлган бу янгиликнинг мамлакатимиз, халқимиз учун аҳамияти қай даражада?
Айтиш керакки, ҳозирги даврда жаҳон иқтисодиётида Ислом молия тизимига қизиқиш тобора ортиб боряпти. Экспертлар фикрича, жаҳон бозорида ислом молияси ғарб молия тизимини инқироз ҳолатига олиб келган салбий омилларга қарши туриш имкониятини берди. Бугунги кунда банк ислом дунёсидан ташқари мамлакатлар учун ҳам хизмат кўрсатиб, уларга ҳам улкан имкониятлар яратмоқда.
Қайд этиш зарурки, юртимиз Ислом тараққиёт банкига 2003 йилда аъзо бўлган. Шу йиллар мобайнида жами 2,5 миллиард доллардан ортиқ 30 та йирик инвестиция лойиҳаси маъқулланиб, лойиҳалар доирасида мактаблар, арзон уй-жойлар, автомобиль йўллари, электр ва ичимлик суви тармоқлари қурилиб, соғлиқни сақлаш муассасалари замонавий жиҳозланган.
Мазкур анжуманда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлар экан, Ўзбекистон тараққиёти ва халқ манфаатларини кўзлаган ҳолда Ислом тараққиёт банки фаолиятини такомиллаштиришга оид бир қатор фикрлар билдириб, таклифлар киритди. Шунингдек, Президентимиз минтақамиздаги экологик муаммоларни қайд этиб, қатъийлик билан банк бошқарувчилари эътиборини Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шаъфелигида тузилган траст жамғармаси ҳамда Оролбўйи минтақасида ташкил этилаётган экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини қўллаб-қувватлаш масалаларига қаратди.
Дунё мамлакатларидаги иқлим ўзгаришлари, йирик миграцион жараёнлар, табиий ресурслар ва озиқ-овқат етишмовчилиги каби синовли ҳолатлар ҳам Президентимиз эътиборидан четда қолмади. Бу борада банк фаолиятини такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар мамлакат раҳбари томонидан билдириб ўтилгани барча томонлар учун манфаатли бўлди.
Президентимиз томонидан таъкидланганидек, ушбу халқаро анжуман банк доирасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши ва аъзо мамлакатлар халқларининг умумий фаровонлигига катта ҳисса қўшишига ишонч билдирилмоқда.
Шу ўринда халқимиз фаровонлиги йўлида Ўзбекистон танлаган йўл нега айнан Ислом тараққиёти банки билан туташмоқда деган саволга жавоб излаймиз.
Айтиш керакки, ғарб намунасидаги банклардан фарқли ўлароқ ислом банки ислом қоидаларига қатъи риоя қилиш бўлиб, кредитлаштиришдан фоиз олишни тақиқлайди. Барча ислом молия институтлари шундай ташкилланганки, улар мижозларга бераётган кредитидан фоиз олмаслик шартини бажарган холда ўз фаолиятларидан даромад оладилар.
Маълумки ғарб мамлакатлари банклари пул маблағларини олди-сотдиси билан шуғулланадилар ва бунда фоизланган ҳолда наф (фойда) кўрадилар. Ислом банки эса молиявий бизнеснинг кредит асосини инвестицияга кўчиради. Ислом банки фаолиятини асосий принципи шундаки, банк ёки унинг омонатчиси кўрадиган наф олдиндан кафолатланмаган бўлиб, у тадбиркорнинг бизнеси фойдасига боғлиқ.
Ислом банкида анъанавий банк тизимининг асосий элементи, яъни кредит учун фоиз умуман йўқ. Ушбу банк фаолиятини асоси шунда мужассамлашганки, пул товар бўлмаганлиги учун уларни ссуда (кредит) сифатида берилганлиги учунгина фойда олиб ривожланиш мумкин эмас. Шу ўринда савол туғилиши мумкин, у ҳам бўлмаса банк мижозга бераётган кредитидан фоиз олмаса, қандай қилиб даромад кўради? Шу муносабат билан айтиш керакки, банк даромадни бераётган кредити сармоя сифатида ётқизилиб, улар реал қўшимча қиймат яратсагина даромад оладилар.
Шу ўринда Ислом банкига хос бўлган банк ва инвестицион хизматлар тўғрисида маълумотлар келтириш жоиз.
«Мушорака» — бу операцияни амалга оширишда банк билан тадбиркор ишлаб чиқилган лойиҳаларни бажарилишини биргаликда таъминлайдилар. Банк тадбиркор лойиҳаларининг молиялаштирилишининг асосий манбаси сифатида хизмат қилади. Таъкидланганидек, фоиз олиш йўқ, лекин банк фойдани тақсимлашда тўлақонли иштирокчига айланади. Қарз берувчи лойиҳада иштирок этганлиги учун фойдадан қайд қилинган улушни олади. Даромадни қолган қисми эса тадбиркор билан банк ўртасида лойиҳага улардан ҳар бири ётқизган сармояси улушига қараб бўлинади. Зарар ҳам худди шундай тартибда тақсимланади.
«Мудороба» — бу молиявий операциянинг бир тури бўлиб, унда омонатчи банкда депозит ҳисоб рақам очади, банк эса, ўз навбатида уни маблағларини турли хил лойиҳаларга сармоя сифатида ётқизади. Агар лойиҳа иқтисодий нафли бўлса, у ҳолда фойда шартномада кўрсатилган улушларга мувофиқ тақсимланади. Агар лойиҳани амалга ошириш зарар билан якунланса, у билан боғлиқ бўлган таваккални тадбиркор ўз зиммасига олади. Операцияни асосий хусусияти шунда мужассамлашганки, сармоясини қаерга юбораётгани тўғрисида ахборотга эга бўлади. Банклар маблағларини тақиқланган фаолият турларига (спиртли ичимлик ишлаб чиқариш, турли хил ўйинларни ташкил қилиш билан боғлиқ бўлган) сармоя сифатида ётқизмайди.
«Муробаха» — бу олди- сотди операцияларини молиялаштириш туридир. Бунда банклар олдиндан олинган товарни сотади, бу нарса шариат қонунлари билан тақиқланмаган бўлиб, савдо бевосита шахсий иштирокни кўзда тутади. Банк товарлар савдоси, уларни ташиш ва сақлашни ташкиллаштириш бўйича хизматлар кўрсатади. Агар банк мижоз буюртмаси бўйича товарни ўз ҳисобидан харид қилса, у ҳолда савдо операциясининг натижаси учун масъул бўлади. Ўз навбатида банк товарни устама билан сотади, бу нарса шартномада кўрсатилган бўлади. «Мубораха»да банк фойдаси уч томондан шаклланади.
Юқорида келтирилганлардан ташқари Ислом банкингида молиявий операцияларни қуйидаги турлари мавжуд:
- «Ижар» — лизинг, мулк ёки жиҳозни узоқ муддатли ижарага олиш;
- «Закот» — у кам таъминланган аҳолини молиявий қўллаб қувватлашга йўналтирилган солиқ бўлиб, уни бадавлат мусулмонлар мажбурий тартибда тўлайдилар;
- «Кард ал хасан» — ижтимоий аҳамиятга молик бўлган лойиҳаларни, яъни йўлларни таъмирлаш, уй жой қурилиши ва шунга ўхшаганларни амалга ошириш учун банк томонидан шартнома бўйича ажратиладиган фоизсиз ссудадир.
Юқорида келтирилган молиялаштиришни барча турларидан динидан қатъи назар, ҳар қандай мамлакат тадбиркорлари фойдаланиши мумкин. Шунинг учун Ислом тараққиёт банки бўлинмалари Европанинг етакчи ва бошқа мамлакатларида ҳам очилган.
Кўриниб турибдики, мазкур банк Ўзбекистоннинг асосий 10та кредиторлари қаторида туриши бежиз эмас.
Халқимиз учун ҳамкорликнинг янги истиқболлари очилиб, йиғилиш доирасида Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонда Ислом банки ва молия соҳасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш учун техник ёрдам гранти ажратиши, ушбу лойиҳа орқали мамлакатда исломий банк ва молия учун қонуний ва техник асослар яратилиши, шунингдек, аҳолининг ислом молиясидан хабардорлик даражасини оширишни кўзланганлиги қувонарли бўлди.
Ўзаро ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири - ИТБ Ўзбекистонда қишлоқларни барқарор ривожлантириш лойиҳаси учун 200 миллион доллар миқдорида пул ажратаётганлиги бу — Президентимиз халқаро майдонда халқимиз манфаатини биринчи ўринга қўйган ҳолда ҳаракатланиши ва олий мақсадлар йўлида муносиб ҳамкорлар танлай билишидан далолатдир.
Келгусида бу маблағлар кўмагида маҳаллий бошқарув жараёни ҳамда жамоатчилик иштирокида асосий инфратузилма ва хизматлардан фойдаланишни яхшилаш, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш, аҳолининг турли ҳолатларга, хавф-хатарларга чидамлилигини оширишга эришилиши - инсонпарварликнинг энг олий намунаси бўлади десак, муболаға бўлмайди.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов, Фарғона давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, доцент.









