Қандай манфаат, бизга қанақа фойдали жиҳатлари бор, дейсизми?
Биринчидан, давлатимиз раҳбари 22 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида нуфузли делегациялар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва АҚШнинг йирик компаниялари етакчилари билан 20 га яқин учрашув ўтказди. Тасаввур қиляпсизми: бир кечанинг ўзида 20 га яқин мулоқот! Вақт ва жисмоний имконият нуқтаи назаридан иложсиздек кўринган ушбу учрашувларнинг ҳар бирида, албатта, ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни кўпайтиришга доир муҳим келишувларга эришилди. Бу – янги корхоналар, даромадли ва муқим янги иш ўринлари, сизу биз учун янги имконият, дегани.
Иккинчидан, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясида янги Ўзбекистоннинг сўзи ва амали бирлигини бутун дунёга кўрсатди. Яъни давлатимиз раҳбари бундан 8 йил олдин ўша юксак минбарда Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилинганини эълон қилган эди. Ўша пайтда минтақамиздаги вазиятдан келиб чиқиб кимдир бунга ишонди ёки ишонмади, буниси бизга қоронғи, лекин бу ишнинг амалга ошишига шубҳа билан қараганлар кўп эди, назаримда.
Ҳа, мантиқан ҳам бу иш жуда қийин эди. Лекин Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси, оқилона ташқи сиёсати эвазига кўзланган мақсадга эришилди. Давлатимиз раҳбари БМТ юксак минбарида туриб таъкидлаганидек, “...биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди”.
Бунинг тотли меваси, имкониятларидан минтақамизнинг миллионлаб аҳолиси, ўзбекистонликлар ҳам баҳраманд бўляпти, албатта.
Бу ерда масаланинг яна бир муҳим жиҳати ҳам бор: Президентимиз БМТ минбарида туриб, халқаро жамоатчиликка бир муаммони ҳал қиламиз, деди ва орадан 8 йил ўтиб, ўша юксак минбарда масала ҳал бўлганини айтди. Бу сўз ва амал бирлигидир.
Бугунги ўзаро ишонч инқирози кузатилаётган бир пайтда янги Ўзбекистоннинг бу каби сўзи ва амали бирлиги бутун дунёга ўзига хос сигнал бўлади: янги Ўзбекистон ишончли дўст, ҳамкор. Ўз навбатида, бу ўзаро ҳамкорлик, инвестиция каби миллий тараққиётимиз билан боғлиқ масалаларда устуворлик беради.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг нутқи биз, ёшлар учун катта илҳом манбаи бўлди. Дунё миқёсидаги мураккаб геосиёсий вазиятда Ўзбекистоннинг тинчлик, ҳамжиҳатлик ва адолатга асосланган ташқи сиёсатга содиқлиги бизни жуда-жуда фахрлантирди.
Нутқда қайд этилганидек, ҳозир халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашмоқда, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаймоқда, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошмоқда, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бормоқда. Буларнинг ҳаммаси мутлақо янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтирмоқда.
Шу билан бирга, мамлакатимиздаги ислоҳотлар, хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш, гендер тенглик ва ижтимоий фаровонлик соҳаларидаги ютуқлар биз, ёшларни янада фаол ва масъулиятли бўлишга ундайди. Зеро, устувор мақсадимиз мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини ошириш экан, бунга барчамиз бирдек масъулмиз.
Янги Ўзбекистоннинг ёш фуқароси сифатида юртимиздаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларда фаол иштирок этишга тайёрмиз. Президентимизнинг энди барча тизимдаги раҳбарлар ёшларнинг овозини эшитишга мажбур, деган талаби бизга янада ишонч бағишлайди.
Президентимиз нуфузли анжуманда БМТ Хавфсизлик кенгашини трансформация қилиш ва таркибини кенгайтириш зарурлигини билдирди. Ривожланаётган давлатлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ушбу ташаббус биз, ёшлар учун янада адолатли ва тенг ҳуқуқли дунё қуришга хизмат қилади.
Бизни энг хурсанд қиладиган жиҳати, БМТ юксак минбарида юртимиздаги ислоҳотлар самараси эътирофи баралла янгради. Мамлакатимизда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартирилгани, таълим ва илм-фан соҳаси замон талабларига мос ўзгартирилаётгани, инновацион тармоқлар ва технологик саноат корхоналари барпо этилаётгани, “яшил” энергетика ва транспорт инфратузилмаси модернизация қилинаётгани, кичик бизнес жадал ривожланаётгани ва натижада миллионлаб янги иш ўрни очилаётгани дунё аҳлини қанчалар ҳайратлантирган бўлса, ўзбекистонлик ёшлар қалбини шунча фахр-ифтихорга тўлдирди.
Айниқса, мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошгани, олий таълим билан қамров эса 9 фоиздан 42 фоизга етгани, албатта, ҳар қанча фахрланишимизга арзийди. Тарихан жуда қисқа муддат – 7-8 йилда эришилган бу натижа дунё таълим тизими учун ҳам намунали кўрсаткичдир. Шу маънода, педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформа яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклиф этилгани жуда ўринли бўлди.
Умуман олганда, Президентимизнинг ушбу нутқи биз, ёшларга катта ишонч, келажакда янада юксак марраларга эришиш учун куч-қувват беради.
Шоҳрух ҚЎЧҚОРОВ,
“Туронбанк” АТБ бошқаруви раисининг матбуот котиби








