Ўзбекистон ва Малайзия ислом молияси бўйича мутахассисларни тайёрлаш доирасида ҳамкорлик қилади

    Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Малайзия олий таълим вазири Моҳамед Халид Нордин билан учрашув ўтказди.

    Суҳбат давомида Малайзия томонига Янги Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳамда конституцион ислоҳотлар, шу жумладан қўшимчалар киритилаётган Асосий қонунда таълим олиш ҳуқуқи ва ундан фойдаланиш, шунингдек, ўқитувчиларга конституциявий мақом берилиши тўғрисида алоҳида ўзгаришлар киритилаётганлиги ҳакида батафсил маълумотлар берилди.

    Малайзия томони, республикада амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётган Конституция мамлакатнинг фаровонлигини янада юксалтириш билан бирга Янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни очиб беришини таъкидлади.

    Суҳбат давомида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари, шу жумладан Малайзиянинг илғор ислом молияси бўйича тажрибасини Ўзбекистонда татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.

    Моҳамед Халид Нордин Малайзияни икки давлат ўртасидаги маданият ва билим тизимлари кўприкларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан тарафдор эканлигини таъкидлади.

    «Малайзия ва Ўзбекистон ўртасида олий таълим соҳасидаги икки томонлама дўстона муносабатлар азалдан ривожланиб келмоқда. Малайзия томони олий таълим соҳасида икки давлат учун ўзаро манфаатли бўлган ҳар қандай ҳамкорликни, айниқса олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни қўллаб-қувватлайди», деди Моҳамед Халид Нордин.

    Хорижий томон Ўзбекистон Банк-молия академияси (БМА) ва Малайзия Ютара университети ҳузуридаги Ислом бизнес мактаби ўртасидаги республикада ислом молиясини ривожлантириш ва ушбу соҳада мутахассисларни тайёрлаш бўйича ўрнатилган ҳамкорликни олқишлади.

    Учрашув якунида жорий йилнинг июнь ойида Малайзия Ютара университети ҳузуридаги Ислом бизнес мактаби делегациясининг Ўзбекистонга амалий сафарини уюштириш ва республика мутахассислари учун семинар ҳамда тренинглар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates