Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.
Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бормоқда. Қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.
2021 йил сентябрь ойида Озарбайжонда мамлакатимиз автомобилларини йиғиш корхонасининг ишга туширилгани муваффақиятли қўшма лойиҳалардан бири бўлди. Ташриф арафасида ўтказилган бизнес форумида умумий қиймати ярим миллиард долларлик янги инвестиция ва савдо келишувлари имзоланди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари учрашув чоғида икки мамлакат ҳудудида нефть-газ, газ-кимё, тўқимачилик, фармацевтика, виночилик ва озиқ-овқат тармоқларида саноат кооперацияси истиқболларини муҳокама қилдилар.
Транспорт коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Транспорт йўлакларини ривожлантириш, юк ташиш тарифларини мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, биргаликдаги ишбилармонлик ва маданий тадбирларни ўтказиш, сайёҳлар алмашинувини кўпайтириш муҳим эканини қайд этдилар.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий вазият юзасидан ҳам фикр алмашиб, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.