Бугун, 14 январь куни давлатимиз раҳбари "Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги" халқаро саммитининг очилиш маросимида ҳамда барқарор ривожланиш соҳасида Шайх Зоид номидаги мукофотни топшириш маросимида иштирок этди.
Тадбирда Амирликлар Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим, Нигерия Президенти Бола Тинубу, Руанда Президенти Пол Кагаме, Сейшел ороллари Президенти Уовел Рамкалаван, Уганда Президенти Ёвери Мусевени ҳамда бошқа хорижий давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳам қатнашди.
Олий мартабали меҳмонларни БАА раҳбари кутиб олгач, биргаликда суратга тушилди.
Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги — бу 2008 йилда БАА ҳукумати ва "Masdar" компанияси томонидан барқарор ривожланиш соҳасидаги глобал муаммоларни ҳал этиш учун ташкил этилган халқаро платформадир. Форумнинг мақсади жаҳонда барқарор тараққиётни жадаллаштириш, иқтисодий, ижтимоий ва экологик ривожланишга кўмаклашиш, озиқ-овқат ва сув хавфсизлигини таъминлаш, энергия тежамкорлиги ва карбонсизлантиришни илгари суришдан иборат.
Бу галги саммит кун тартибига "яшил" иқтисодиёт соҳасида барқарор тараққиётни таъминлаш, инновациялар ва янги технологияларни жорий этиш, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари киритилган.
Форум доирасида Амирликлар асосчиси – марҳум Шайх Зоид Ол Наҳаён номи билан аталувчи барқарор ривожланиш соҳасидаги ютуқлар учун мукофот билан тақдирлаш маросими ҳам ўтказилади. Бу галги мукофотнинг "Глобал ўрта мактаблар" номинациясида Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ғолиб деб топилди.
Мукофотни Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён топширди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мактаб вакиллари билан учрашиб, уларни ғалаба билан қизғин табриклади.