Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатик алоқаларининг ўрнатилганлигига 28 йил тўлди

    Халқаро ҳамкорлик 19 феврал 2021 3819

    16 феврал куни Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизстон Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 28 йил бўлди. Ушбу ўтган давр мобайнида икки давлат муносабатлари турли хил ривожланиш босқичларидан ўтиб, сайқалланиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган ҳолда, аниқ амалий мазмун билан бойиди.

    Қирғизистон Республикаси билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари тамойилларига асосланган конструктив, серқирра ҳамда ўзаро манфаатли мулоқот Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳозирги вақтда ўзбек-қирғиз ҳамкорлиги салмоқли шартномавий-ҳуқуқий асосга эга бўлиб, у 180 дан зиёд келишув ва битимлардан иборат. Ушбу ҳужжатлар савдо, иқтисодиёт, илм-фан, туризм, транспорт, маъданият ва бошқа йўналишларни қамраб олади.

    Шу жумладан, “Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисида”ги шартнома, “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик, дўстлик, аҳил қўшничилик ҳамда ишончни мустаҳкамлаш тўғрисида”ги Декларация каби муҳим ҳужжатлар иккитомонлама муносабатларни юксак даражада ривожланиши учун норматив-ҳуқуқий шароит яратмоқда.

    Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев бошчилигида икки давлат муносабатларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича мисли кўрилмаган тарихий қадамлар ташланди. Бу эса ўз навбатида ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига замин яратмоқда.

    Умумий саъй-ҳаракатлар ва давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли олий ва юқори даражадаги учрашувлар, алоқалар ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини мамнуният билан таъкидлаш зарур.

    Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг дўстона ҳамда ўзаро манфаатли давлатлараро муносабатларни ривожлантириш бўйича қатъий сиёсий хоҳиш-иродасининг натижаси бўлибгина қолмасдан, икки қардош халқнинг тинч ва тотувликда яшашга бўлган истак ва хоҳишларининг амалдаги ижроси ҳамдир.

    Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи, иккитомонлама муносабатларда янги саҳифа очилишига катта туртки бўлди.

    Ушбу ташриф доирасида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисида”ги шартнома натижасида давлат чегара чизиқларининг 85 фоизи бўйича муҳим келишувларга эришилди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг белгиланмаган ҳудудлар бўйича ўзаро ҳамкорлик жадал суръатларда олиб борилмоқда.

    Имзоланган шартномага мувофиқ, «Дўстлик» (Андижон вилояти), «Косонсой» ва «Баймоқ» (Наманган вилояти) назорат-ўтказиш пунктлари иши қайта тикланди. Қирғизистон фуқаролари учун «Қадамжой» ва «Водил» (Фарғона вилояти) пунктлари орқали чегарадан ўтиш тартиби соддалаштирилди. Буннинг натижасида икки мамлакат фуқаролари ҳеч қандай таклифларсиз чегарани соддалаштирилган тартибда кесиб ўтишмоқда.

    Бугунги кунда икки давлат фуқароларига қулайлик яратиш мақсадида ўзбек-қирғиз чегарасида жами 17 та ўтказиш пункти фаолият олиб бормоқда. Буни давлат раҳбарлари томонидан ўзбек-қирғиз чегарасини Дўстлик чегарасига айлантириш муҳимлиги тўғрисдаги ташаббусларининг амалий ижроси сифатида кўриш мумкин. Натижада ҳар куни ўзбек-қирғиз чегарасини кесиб ўтадиган фуқаролар сони сезиларли даражада ошди.

    Хусусан, 2019 йилда Ўзбекистондан қўшни давлатга 4,6 миллионга яқин фуқаро ташриф буюрган бўлса, Қирғизистондан Ўзбекистонга келганлар сони 1,4 миллиондан ошган. Бу умумий ҳисобда 2018 йил билан таққослаганда 30% кўп демакдир. Ушбу рақамлар икки томонлама алоқалар бутунлай янги, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг тараққиёт босқичига кўтарилганидан гувоҳлик беради.

    Таъкидлаш жоизки, пандемия даврида чегараларнинг ёпилганлиги сабабли ушбу кўрсаткичлар сезиларли даражада камайди. Аммо, ишонч билан айтиш мумкинки, карантин чоралари батамом бекор қилингандан сўнг ўзаро ташрифлар сони янада ошиб, қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик ва қариндошлик ришталари янада мустаҳкамланади. Зеро икки халқ ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган.

    Шубҳасиз, Қирғизстон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат чегара чизиқларини халқаро нормалар ва иккитомонлама манфаатларни инобатга олиб рўйхатдан ўтказиш жараёнини якунлаш ва уни дўстлик, қўшничилик ва ҳамкорлик чегарасига айлантириш нафақат икки давлат, балки минтақа даражасида савдо-иқтисодий ва маъданий алоқаларни янада ривожлантиришга туртки бўлади.

    Икки томонлама муносабатларда алоҳида эътибор иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, ушбу йўналишдаги алоқалар сўнгги 5 йилликда янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2019 йилда мамлакатлар ўртасидаги савдо ҳажми 818 миллион долларни ташкил этди (экспорт – 668 миллион доллар, импорт 150 миллион доллар). Бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 80% га ошган.

    Эътиборли жиҳати шундаки, оғир пандемия шароитида ҳам савдо алоқаларининг ўсиш жараёни сақлаб қолинди. Хусусан ўтган йил мобайнида мамлакатлар ўртасидаги товар айланма ҳажми
    903 миллион доллардан ошди, шу жумладан экспорт – 756,6 миллион доллар, импорт 146,5 миллион долларга етди.

    Давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларининг ривожланишида 2018 йилда тузилган Чегара ҳудудлари раҳбарлари кенгаши ва унинг доирасида олиб борилаётган инвестиция, туризм ва савдо соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишларни алоҳида таъкидлаш лозим. Шу билан бирга ҳудудлар ўртасидаги муносабатларни янада жадаллаштириш мақсадида Тошкент ва Бишкек шаҳарлари, Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалол-Обод, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамда маданий гуманитар соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича шартномалар имзоланган.

    Икки давлат ўртасида инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида устав капитали
    50 млню долларга тенг бўлган қирғиз-ўзбек инвестицион жамғармасини ташкил қилиш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.

    Шубҳасиз, амалга оширилаётган бу каби чора-тадбирлар, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, янги иш-ўринларини очилишига, иқтисодиётни ривожлантириш ва чегара ҳудудларида хавфсизликни барқарорлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Ҳозирда Ўзбекистонда қирғиз капитали иштирокида 187 та корхона фаолият юритмоқда, улардан 98 таси қўшма корхона, 89 таси чет эл капитали асосида иш юритади. Ваҳолангки, 2016 йилда бу каби корхоналар сони жами 49 тани ташкил этар эди.

    Айтиш лозимки Ўзбекистон Қирғизистон иқтисодиётида қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган етарли даражадаги озиқ-овқат ва саноат тармоқларига эга бўлиб келажакда фармацевтика, қишлоқ-хўжалиги транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари бўйича иккитарафлама фойдали лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.

    Ўз ўрнида 2021 йилнинг 1 январь кунидан бошлаб Ўзбекистон томонидан Қирғизистонга 73 турдаги товарларга импорт акциз солиғи бекор қилинди. Ушбу қарор, шубҳасиз, ўзаро савдо-сотиқ муносабатларини янги босқичга олиб чиқади.

    Фавқулотда вазиятлар соҳасида юзага келадиган таҳлика ва таҳдидларни олдини олиш бўйича ҳам жадал ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизстон фавқулотда вазиятлар вазирликлари коллегияларининг қўшма мажлислари ўтказиш йўлга қўйилди. 2019 йилнинг 4-7 апрел кунлари биринчи қўшма мажлис ташкил этилган бўлиб унда томонлар Протокол қабул қилишди. Ушбу ҳужжатга биноан бугунги кунда чегара ҳудудларида мавжуд бўлган раиоэкологик, гидрометеорологик ва геотехник шароитлар бўйича маълумот алмашиниш регламенти ишлаб чиқилмоқда.

    Бу эса Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг юзага келиши мумкин бўлган кескин ва таҳликали муаммоларни бир елкадан бош чиқарган ҳолда яхши қўшничилик, ишончли дўст ва яқин ҳамкор сифатида ечишга тайёр эканликларини кўрсатмоқда.

    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда жадаллик билан олиб борилаётган сиёсий мулоқотлар икки тарафлама ҳамкорликнинг барча соҳаларида ўз аксини топиб, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида маданий ва гуманитар алоқаларнинг ривожланишига олиб келди.

    Бунинг яққол далили сифатида 2017-2018 йилларда Тошкент, Самарқанд, Бишкек ва Ўш шаҳарларда ташкил қилинган маъданият ва кино кунларини кўрсатиш мумкин.

    Шу билан бир қаторда 2018 йилда Ўш шаҳрида Ўзбекистон томонидан ўрта таълим мактаби қуриб фойдаланишга топширилганлиги алоҳида аҳамиятга эга.

    Бундан ташқари 2018 йилда Ўзбекистонда буюк қирғиз ёзувчиси Ч.Айтматовнинг 90 йиллиги кенг нишонланиб, ўзбек театрларида адиб ижодига бағишланган спектакллар бўлиб ўтди. Ўзбек-қирғиз киноижодкорлари Ч.Айтматовнинг «Сарви қомат дилбарим» асари асосида қўшма филм суратга олишди. Тошкентда эса Ч.Айтматов номли кўча очилиб, унинг барельефи ўрнатилди.

    2018 йил декабрида эса Қирғизстон миллий университетида Ўзбекистон қахрамони ва халқ ёзувчиси Э.Воҳидов таваллудига бағишланган адабий кеча ташкил этилди.

    Ўз навбатида, Қирғизистон санъат вакиллари Ўзбекистонда ташкил этиладиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, «Бахши» ва «Мақом» санъат фестивалларида доимий қатнашиб совринли ўринларни қўлга киритишмоқда.

    Гуманитар алоқаларнинг ривожланиб бораётганлигини эса коронавирус пандемиясига қарши самарали курашишни таъминлаш ва иккитарафлама алоқаларга салбий таъсирини камайтиришга қарши биргаликда олиб борилаётган ишлар миқёсида ҳам кўришимиз мумкин.

    Ўтган йилнинг апрель ва май ойларида Ўзбекистон Қирғизистон Республикасига икки бор инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Шу билан бирга 2020 йил давомида Ўзбекистон томонидан Қирғизистондаги Бишкек шаҳри ҳамда Баткен ва Чуй вилоятларида коронавирусга ихтисослаштирилган махсус модул шифохоналарни қурилиб, керакли тиббий техника ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаб берилди.

    Бунга жавобан эса Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистонда Сардоба сув омбори тўғони ўпирилишидан жабрланганларга инсонпарварлик ёрдами юборди. Таъкидлаш керакки бу каби ишлар икки давлат ўртасидаги алоқалар ўзаро ҳурмат ва дўстлик тамойилларига асосланганлигининг яна бир бор исботидир.

    Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигининг 28 йиллик янги тарихини сарҳисоб қилар эканмиз, мамлакатларимиз ўзаро ҳурмат, томонларнинг очиқлиги ва самимийлигига асосланган тенг ҳуқуқли мулоқот тарафдори эканлигини таъкидлаш лозимдир.

    Шак-шубҳасиз, ҳозирги кундаги Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихан мисли кўрилмаган юқори даражада ривожланмоқда. Икки давлат ўртасидаги яхши қўшничилик ва дўстона, стратегик шериклик муносабатларини нафақат сақлаб қолиш балки уни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ўта муҳим. Ҳеч муболағасиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро саъй-ҳаракатлар ва муштарак интилишлар асосида ўзбек ва қирғиз халқларининг фаровонлиги йўлида кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантиришга ва такомиллаширишга эриша оладилар.

    Бекзод Ражабов,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

    стратегик ва минтақалараро

    тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates