Бу ҳақда Қозоғистон Молиявий мониторинг агентлиги (ММА)га таяниб, Tengrinews хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари мазкур ер ости траншеяси орқали Қозоғистондан Ўзбекистонга ёқилғи олиб ўтилаётганини аниқлашди.
Туннель Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари кўмагида ўтказилган операция натижасида фош этилган.
Тергов маълумотларига кўра, мазкур жиноий фаолият икки ойдан буён амалга ошириб келинган. Контрабанда учун барқарор логистика тизими, хориждан молиялаштириш ва етказиб бериш канали ташкил этилган.
Ўзбекистон ҳудудида ҳам параллел равишда чора-тадбирлар кўрилган ва жиноий гуруҳнинг барча иштирокчилари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ҳам аниқланган. Қозоғистонда беш нафар фуқаро гумонланувчи сифатида жавобгарликка тортилган. Ҳозирда тергов ишлари якунланиб, жиноят иши судга топширилди.








