Ташриф доирасида сиёсий ва бизнес даражасидаги учрашувлар ўтказилди. Асосий мақсад – икки мамлакат агросаноат салоҳияти асосида савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва фаол ривожлантиришдан иборат.
Учрашувлар чоғида Қишлоқ хўжалиги вазирлигида икки томонлама музокаралар доирасида учта ҳужжат имзоланди:
– Агросаноат соҳасида стратегик шерикликни кенгайтириш бўйича Йўл харитаси;
– Ўзбек-турк қўшма ишчи гуруҳининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги учинчи йиғилиши якуний баённомаси;
– Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва тараққиёти соҳасида икки мамлакат аграр вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик мақсадлари юзасидан баённома.
Шунингдек, делегация таркибидан Халқаро муносабатлар бош бошқармаси (ABDGM) бош директори Чаглаян Озжан Айлин, Қишлоқ хўжалиги корхоналарини ривожлантириш бош бошқармаси (TIGEM) бош директори Кўжабай Саит, Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси (OGM) бош директори Каражабей Бекир ва бошқалар ўрин олди.
Икки соатлик Ўзбек-турк бизнес форуми Ўзбекистон томонидан қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ҳамда Туркия томонидан қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Бекир Пакдемирли бошчилигида ўтказилди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Бизнес-форумнинг асосий мақсадлари:
Туркия ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари ўртасида янги савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатиш;
уруғчилик, интенсив боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
икки мамлакат ишбилармонлари ўртасидаги савдо битимларини имзолаш.
Асосан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро таъсир доирасини кенгайтиришга қаратилган бизнес-форумда Туркия ва Ўзбекистоннинг давлат ташкилотлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
«Қишлоқ хўжалигининг салоҳияти 2019 йилдан буён бугунги кунга қадар 66 та лойиҳа доирасида 401 миллион долларлик турк инвестицияларини жалб этган. Бугунги кунга қадар 42 та лойиҳа тўлиқ ишга туширилган. Пахта ва ғалладан ташқари 80 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт салоҳиятига баҳо берилди. Куни кеча биз туркиялик тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, муаммолар, тўсиқлар ва таклифлар борасида сўзлашдик. Албатта, муаммоларни бартараф этиш ва қизиқарли таклифларни амалга ошириш устида ишлаймиз. «Давлат-бизнес, бизнес-бизнес» форматдаги турли даражадаги мулоқот платформаларини яратиш ҳар икки тараф эҳтиёжларини яхшироқ тушуниш, инвестиция ва янги технологияларни жалб этишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб, бу пировардида ижтимоий ва иқтисодий ривожланишга олиб келади», деди Жамшид Ходжаев.









