Мерц ва Эрдоған Исроил ва Ғазо масаласида тортишиб қолди

    Германия канцлери Фридрих Мерц ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ўртасида Исроил ва Ғазо секторидаги уруш борасида оғзаки тортишув келиб чиқди.

    Мерц 30 октябрь, пайшанба куни Анқарадаги қўшма матбуот анжуманида Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаган бўлса, Эрдоған яна Исроил расмийларини “геноцид”да айблади.

    Туркиялик журналистнинг саволига жавобан канцлер Исроил миллионлаб яҳудий Холокостдан омон қолганлар учун бошпана бўлганини айтди. “Шунинг учун Германия ҳар доим Исроил давлатини қатъий қўллаб-қувватлайди”, деб таъкидлади Мерц.

    Исроилнинг Ғазо секторида жангариларнинг кенг кўламли ҳужумидан кейин олиб борган уруши ҳақида гапирар экан, у АҚШ, Европа Иттифоқи, Германия ва бошқа кўплаб давлатлар томонидан террорчи ташкилот деб топилган ҲАМАС радикал ислом ҳаракатини айблади. “Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланган ва сон-саноқсиз кераксиз қурбонларнинг олдини олиш учун фақат битта ечим керак бўлди: ҲАМАС гаровга олинганларни олдинроқ қўйиб юбориши ва қуролларини топшириши керак эди. Шунда бу уруш дарҳол тугаган бўларди”, деди канцлер.

    Эрдоған Мерцнинг фикрига қўшилмади

    Эрдоған Мерцнинг фикрига қўшила олмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, ҲАМАСда ядровий қурол ёки бомба йўқ, Исроилда эса бор ва ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, Ғазо секторини бомбардимон қилмоқда. “Улар нафақат Ғазога ҳужум қилишмоқда, балки ҳар доим очарчилик ва геноцид орқали Ғазони бўйсундиришни ният қилишган ва бу ҳалигача давом этмоқда”, деб таъкидлади Туркия Президенти.

    Шу билан бирга, у Германия ва Туркия Ғазо секторининг келажаги учун “қўлни қўлга бериб” ҳаракат қилишига ишонч билдирди.

    Фридрих Мерц Анқарани ўз таъсиридан фойдаланиб, ҲАМАСни тинчлик битимининг иккинчи босқичига ўтишга ундашга чақирди. Америка тинчлик режасининг биринчи босқичи 8 октябрь куни урушаётган томонлар томонидан Туркия, Қатар ва Миср воситачилигида келишиб олинган эди.

    Эрдоған, тафсилотларини келтирмаган ҳолда, вазирларига музокараларни давом эттириш учун ҲАМАСдаги алоқадаги шахслар билан боғланиш бўйича кўрсатмалар берганини айтди, деб хабар берди dw.com.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates