Саноқли давлатлардагина эмлаш тадбирлари ўтказиляпти

    Аҳолисини вирусга қарши эмлатаётган камсонли мамлакатлар қаторида Ўзбекистон ҳам борлиги юртимизда инсон қадр-қиммати, саломатлиги ҳамма нарсадан устувор масала эканига ёрқин далил

    Давлатимиз раҳбари ўтган йили пандемия даврида тиббиёт соҳаси мутахассисларига бир неча бор мурожаат қилиб, коронавирусга қарши вакцина топилиши билан уни мамлакатимизга келтириш учун барча зарур чоралар кўрилиши юзасидан тегишли топшириқлар берган, юртдошларимиз саломатлигини асраш энг муҳим вазифа эканини таъкидлаган эди.

    Президентимизнинг топшириғига биноан олиб борилган изчил ва самарали саъй-ҳаракатлар туфайли 1 апрелдан мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш тадбирлари бошланди.

    Апрель ойи давомида Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларидаги 219 та эмлаш пунктида 142,3 минг киши эмланиши режалаштирилган бўлиб, биринчи навбатда, 65 ёшдан катталар ва коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган тиббиёт ходимларини эмлаш кўзда тутилган. Кейин сурункали касалликка чалинганлар, мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасалари, Қуролли Кучлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари эмланади. Зеро, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияси ва дунёдаги бошқа давлатлар тажрибаси ҳам касалликни юқтириб олиш хавфи юқори бўлган аҳоли вакиллари — 65 ёшдан катталар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликлари туфайли диспансер назоратида турганларни биринчи галда оммавий эмлаш зарурлигини кўрсатмоқда. Вакцинация жараёнида ZF-UZ-VAC2001 — ўзбек-хитой вакцинаси ва Европанинг AstraZeneca вакцинасидан фойдаланиляпти.

    Эмлаш тадбирлари учун мамлакатимиз бўйлаб 3 минг 138 та эмлаш пункти ва 862 та ҳаракатдаги тиббий бригада шай ҳолатга келтирилди. Ҳудудларга вакциналарни ташиш учун COVAX дастури доирасида 17 та авторефрижератор, 206 та юк ташувчи минивен ва 16 та енгил автотранспорт воситаси етказилди. Жараёнга 4 минг нафардан ортиқ шифокор ва 11 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими жалб қилинган.

    Айни пайтда Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларидаги тиббиёт муассасаларида ташкил этилган аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш пунктларида вакцинация жараёни қизғин ва кўтаринки руҳда кечмоқда. Юртдошларимиз ўзи ва яқинларининг саломатлигини ўйлаган ҳолда вакцина қабул қиляпти.

    Жумладан, Андижон шаҳридаги тиббиёт муассасаларида ўтказилаётган эмлаш тадбирлари ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига мувофиқ уюшқоқлик билан олиб бориляпти.

    — Поликлиникамиз 81 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Шулардан 3226 нафари 65 ёшдан юқори бўлган фуқаролардир. Эмлаш тадбиригача аҳоли орасида вакцинациянинг нечоғли муҳимлиги ҳақида изчил тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказдик. Юртдошларимиз жараённинг аҳамиятини қай даражада тушунганини бугун эрталабдан эмланиш учун келган отахон ва онахонларнинг юзига қараб билдик. Уларнинг жараёнга чин дилдан, масъулият ҳис этиб ёндашганидан мамнун бўлдик, — дейди Андижон шаҳридаги 1-сонли оилавий поликлиника бош шифокори Шоира Комилова. — Ҳозир иккита хонада уч шифокор ва тўрт нафар ҳамшира фуқароларни эмлаяпти. Фавқулодда вазиятлар ва соғлиқни сақлаш бошқармалари вакиллари, реаниматолог, иммунолог жараённи кузатиб боряпти. Ҳар эҳтимолга қарши тўртта реанимация койкаси ҳозирлаб қўйилган. Минг қатла шукрки, ҳозирча эмланганларда бирор нохуш аломат кузатилмади. Жумладан, ўзим бошлиқ поликлиникамизнинг аксарият тиббиёт ходимлари эмланди. Ўзимизни яхши ҳис этяпмиз.

    Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 47-сонли оилавий поликлиникада ҳам эмлаш жараёни давом этмоқда. Вакцина қабул қилишга келган фуқароларни тиббиёт ходимлари аввал тўлиқ тиббий текширувдан ўтказяпти. Эмлангандан сўнг бемор амал қилиши зарур бўлган тавсия ва маслаҳатларини бермоқда.

    — Эрта тонгдан эмлаш жараёнини бошлаб юбордик. Махсус тайёргарликдан ўтган шифокор ва ҳамширалардан иборат учта бригадамиз эмлаш тадбирларини амалга оширмоқда. — дейди поликлиника бош шифокори Нилуфар Кувнакова. — Муассасамиз 29 минг 132 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Эмлашнинг биринчи босқичида 6 минг 500 нафар аҳоли қамраб олинади. Ҳудудимизда 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли вакиллари 655 нафарни ташкил этади. Диспансер назоратида бўлган 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган фуқаролар 5 минг 368 нафар бўлса, тиббиёт ходимлари 103 нафар, мактаб ва боғчада фаолият юритувчилар эса 370 нафардан ортиқ. Улар биринчилар қатори эмланади. Поликлиникага келиш имконияти бўлмаган беморлар учун махсус мобиль тиббий ёрдам хизмати ҳам ташкил этилган. Улар фуқароларни уйларига бориб вакцинация қилмоқда. Кўплаб тиббиёт ходимлари қаторида ўзим ҳам коронавирусга қарши эмландим.

    Ҳудудлардаги аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш пунктларида вакцина қабул қилган юртдошларимиз давлатимиз томонидан яратилганидан бу имкониятдан унумли фойдаланишга интиляпти. Жумладан, Гулистон шаҳридаги “Боғишамол” маҳалласида истиқомат қилувчи 85 ёшли Ким Галина ҳам бугун эмланди. Момонинг айтишича, ўтган йили коронавирус хасталигига чалинган. Бироқ хасталикни енгил ўтказгани учун уйда даволанган. То соғайиб, оёққа тургунича поликлиника шифокорлари соғлиғини мунтазам назорат қилиб туришди. Эмлаш жараёни бошлангач, коронавирусга қарши вакцина олишга биринчилардан бўлиб келди.

    Пандемия давом этаётган айни кунларда саноқли давлатлардагина эмлаш тадбирлари ўтказиляпти. Сабаби, биринчи навбатда, ишончли вакцина топиш долзарб масала бўлса, иккинчидан, жараённи ташкил этишга сарфланадиган маблағ ва бошқа ресурслар коронавирус туфайли бир муддатлик иқтисодий турғунликдан чиққан ўлкаларга қийинчилик туғдирмоқда. Аҳолисини вирусга қарши эмлатаётган камсонли мамлакатлар қаторида Ўзбекистон ҳам борлиги юртимизда инсон қадр-қиммати, саломатлиги ҳамма нарсадан устувор масала эканига ёрқин далилдир.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates