Қуйида ушбу санадан кучга кирадиган асосий ўзгаришларни тақдим этилди.
Ҳокимликларга янги ваколатлар берилди
Туман (шаҳар)лар ҳокимликларига қуйидаги йўналишларда маъмурий ваколатлар берилди:
- давлат бошқаруви органлари ва тадбиркорлар ўртасида “доимий алоқа” тизимини яратиш мақсадида туман (шаҳар)ларда Тадбиркорлар жамоатчилик кенгашини тузиш;
- 2025 йил 1 январдан белгиланган вазирлик ва идораларнинг туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарларини масъул вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, шунингдек, тегишли масъулларга рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;
- 2025 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача белгиланган рўйхат бўйича туман (шаҳар)ларда ҳуқуқий эксперимент тариқасида туман (шаҳар) ҳокимлиги фаолиятини “Аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш” янгича ёндашуви асосида ташкил этиш.
Тошкентда автобус ва метрода нақд пул шаклдаги йўлкира нархи ошди
Пойтахт жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф – 3 000 сўм этиб белгиланди. Бунда тўлов электрон тўлов тизими (транспорт ёки банк картаси) орқали амалга оширилганда ҳозиргидек ўзгаришсиз қолади — 1 700 сўм. Барча автобуслар салонида йўлкира ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади. Нақд пул орқали автобусларда ҳаракатланиш учун Тошкент шаҳридаги бекатларда ва улар яқинида ўрнатилган барча тўлов қурилмалари яъни, Paynet, МултиПай ва Осон инфокиоскалари орқали бир марталик QR-кодли чипта харид қилиш керак бўлади.
Давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи оширилади
“Маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида”ги президент қарорига кўра, давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 2025 йил 1 январдан бошлаб 20 фоизга оширилади.
Айрим педагогларга қўшимча устама тўланади
2025 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанлари бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг миллий баҳолаш тизимида олинган тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган ва ушбу фанлардан дарс берувчи педагог кадрларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади.
Камбағал оилалар фарзандлари давлат боғчаларига имтиёзли асосда қабул қилинади
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш доирасида камбағал оилалар фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинади.
Чиқиндидан қарздорлик бўйича огоҳлантирилгандан кейин тўлов қилмаганларнинг электр учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиёти учинчи босқичи кучга кирди
Президент фармони билан бу амалиётни уч боқичда жорий этиш белгиланганди:
1-босқичда Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2024 йил 1 июндан 6 ойлик қарздорлик учун;
2-босқичда – республиканинг барча ҳудудларида 2024 йил 1 ноябрдан 3 ойлик қарздорлик учун;
3-босқичда республиканинг барча ҳудудларида 2025 йил 1 январдан 1 ойлик қарздорлик учун.
“2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонун кучга кирди
Қонун 2025 йил учун Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Унда харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинган.
ҚҚС ва фойда солиғи ставкалари оширилмайди
“Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонига кўра, 2028 йилга қадар қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи ставкалари оширилмаслиги белгиланди.
Шунингдек, 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати йўналишларида ишлаб чиқариш фаолиятини юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи ва ўзларининг ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари 1 фоиз этиб белгиланди.
Айрим ер участкалари бўйича солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади
Янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерлар учун юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёзни бекор қилган ҳолда, мазкур ер участкалари бўйича солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилади.
Йўловчиларни ягона тарифлар бўйича ташиш хизматларини кўрсатиш айланмаси ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ягона иштирокчиси ҳисобланган юридик шахслар томонидан реализация қилинадиган товарлар ва хизматлар учун ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинади.
Умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилди
2028 йил 1 январгача умумий овқатланиш корхоналарига фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади. Шунингдек, умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга 2028 йил 1 январгача ҳар ойнинг 25 санасига қадар тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қуйидаги миқдорларда республика бюджетидан қайтариш тизими жорий этилади:
Ойлик товар айланмасининг нақд пулсиз қисми:
- 60 фоиздан ошган умумий овқатланиш корхоналарига – бюджетга тўланган ҚҚСнинг 40 фоизи;
- 60 фоиздан кам умумий овқатланиш корхоналарига – бюджетга тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи;
- туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорларга – бюджетга тўланган ҚҚСнинг 20 фоизи.
Тадбиркорлар учун айрим маъмурий жавобгарликлар бекор қилинди
2025 йил 1 январдан қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди:
- фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш;
- мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган товарларни (маҳсулотларни) идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш;
- ходимлар сонини яшириш.
Жисмоний шахс томонидан тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинди.
Камбағал оилалар реестрига киритилган оиланинг аъзоси ишга жойлашганда ижтимоий солиқ 1 фоиз ставкада тўланади
Кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилади.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади.
Камбағал оилаларга кўмак чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш (экин экиш), оила аъзолари, шу жумладан, фарзандларининг билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлиғини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.
Мева-сабзавот етиштирувчиларни баҳолаш тизими жорий этилади
Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғ ва токзорларни яроқсиз деб топиш, улар ўрнида интенсив боғ ва токзор барпо этиш ёки ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисида хулосани қабул қилувчи туман (шаҳар) комиссияси томонидан иқтисодий жиҳатдан самарасиз ва кам ҳосилли боғ ва токзорлар деб хулоса берилган санадан бошлаб 12 ой давомида янги боғ ёки токзорлар барпо этилмаган тақдирда ушбу боғ ва токзорлар жойлашган майдонлар учун ер солиғи 3 бараварга оширилади.
Ташаббускорлар янги боғларни барпо этишда ўз эҳтиёжлари учун хорижий давлатлардан белгиланган рўйхатдаги пайвандтагли мевали кўчатлар ва пайвандтаглар, пайвандустлари, оналик материаллари ва техникаларни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғи ва божхона божларидан озод этилади.
Букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилди
Интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилди. Лотерея, интернет тармоғида ўйинлар ва букмекерликни ташкил этиш фаолиятлари қонунчиликка мувофиқ Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширади.
Шунингдек, 5 йил муддатга лотерея ҳамда интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини солиққа тортишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби белгиланди:
- лотерея, интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ёки букмекерлик фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар лотерея, интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятидан ёки букмекерлик фаолиятидан олинган жами даромадидан тўланган ютуқлар ва қайтарилган ставкалар чегирилган ҳолда 4 фоиз ставкасида айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари ҳисобланади;
- жисмоний шахсларнинг лицензиялар асосида ўтказиладиган лотереялар ҳамда интернет тармоғидаги ўйинлардан ва букмекерлик гаровидан олинган ютуқлар сифатидаги даромадлари даромад солиғи тўлашдан озод этилади.
Цирк томошаларида ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланди
Вазирлар Маҳкамасининг “Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати ҳам тасдиқланган. Рўйхатга, хусусан, йўлбарс, шер, гепард, ягуар ва уларнинг барча кенжа турлари, горилла, шимпанзе, йирик бўғма илонлар оиласига мансуб барча турлар, отларнинг барча турлари (хонаки отлар бундан мустасно) киритилди.
Уй қамоғидаги шахслар учун электрон браслет жорий этилади
2025 йил 1 январдан бошлаб уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган ҳамда озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларнинг эҳтиёт чораси ва жазони ижро этиш жойида бўлишини реал вақт режимида масофадан туриб назорат қилиш тартиби амалиётга босқичма-босқич жорий этилади.
Миллий вақт шкаласи жорий этилади
Ўзбекистон миллий вақт шкаласи (UTC УЗ) жорий этилади. Ундан Ўзбекистоннинг аниқ вақти сифатида фойдаланилади