Коррупцияни илдизи билан йўқотишни таълимдан бошлаш зарур

    Бир пайтлар олийгоҳга ўқишга кириш кўпчилик учун етиб бўлмас орзу эди. Аксарият ҳолларда билимли йигит-қизлар эмас, балки таниш-билиши борлар талаба бўларди. Олий таълимга киришдаги 1 август “операция”лари ҳам барчамизнинг эсимизда.

    Кириш имтиҳонларида юқори балл олиш “тизим”и шунчалар зўр йўлга қўйилгандики, вақти келиб унинг йўқолишига, тўғриси, ҳеч ким ишонмасди.

    Бироқ давлатимиз раҳбарининг кучли сиёсий иродаси бу “катта бозор”ни чилпарчин қилди. Олий ўқув юртига кириш ушалмас орзу эмас, билим асосида баҳоланадиган ҳақиқий имкониятга айланди. Авваллари кўпчилик фақат пул ва таниш-билиш орқали ўқишга кира олиш мумкин деб ўйларди. Лекин сўнгги йилларда қабул жараёнига киритилган шаффофлик, адолатли баҳолаш тизими ва коррупцияга қарши курашиш чоралари бу тасаввурни тубдан ўзгартирди.

    Ҳозир тест синовлари махсус кузатув камералари остида ўтказилади. Аудиторияларга бегоналарнинг кириши чекланган. Ҳар бир абитуриентнинг натижаси автоматик тарзда ҳисобланади. Энг муҳими, барча учун тенг имконият яратилиб, билимлилар ўз салоҳиятини намоён эта оладиган муҳит шакллантирилди. Бугунги ёшлар ўз билим ва меҳнати билан олий таълим муассасаларига ўқишга кириши мумкинлигига ишонаётгани бу — ислоҳотларнинг энг катта ютуғи, десак муболаға бўлмайди.

    Таълим соҳаси рақамлашиб, имтиҳонлар шаффофлашди, адолат мезонлари устувор аҳамият касб этди. Ортиқ таниш-билишчилик ёки йўл топиш ҳақида ўйлашга зарурат қолмади. Ўтган йили жорий этилган “аввал тест, кейин танлов” тизими эса олий таълим олиш имкониятини янада кенгайтирди. Энди абитуриентлар олдин тест топшириб, билимига кўра балл тўплайди ва кейин шу натижа асосида ўзига мос ОТМ танлайди. Бу тизим абитуриентларга кенг танлов бериш баробарида адолатни таъминлашга хизмат қилмоқда. Юқори балл тўплаган ҳар бир ёш тенг имконият асосида давлат грантига эга бўлиши мумкин. Шунингдек, камроқ балл олганлар тўлов-контракт асосида таълим олиш йўлини танлайди.

    Албатта, таълим тизимини янада такомиллаштиришга ҳали ҳам эҳтиёж бор. Жорий йил 5 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида ҳам айнан шу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз ислоҳотлар ҳал қилувчи босқичга қадам қўяётган бугунги шароитда мамлакатимизда коррупциядан холи муҳит яратиш бўйича қилинаётган ишларга баҳо бериб, келгуси устувор вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарурлигини таъкидлади.

    Коррупция — жамиятнинг ичига тушган қурт. У келажакда мева бериши керак бўлган куртакларни қуритади. Давлатимиз бу иллатни тамоман йўқотишга азму қарор қилган. Бундан буён фарзандларимизга таълим бериш баробарида коррупциянинг энг майда аломатларидан холи бўлишини таъминлашимиз керак. Бу, энг аввало, талаба ва ўқувчиларнинг имтиҳонларда кўчирмакашликларга бефарқ бўлмаслиги, бу иллатга қарши муросасизлигидан бошланади.

    Хорижий тажрибага кўра, таълимда коррупцияга қарши курашиш ҳуқуқий чоралар билан бирга жамият онгини ўзгартиришга ҳам боғлиқ. Имтиҳонлар аниқ қоидалар асосида ўтказилиб, талабалардан академик ҳалоллик қатъий талаб қилиниши шарт. Ёшларимизда коррупцияга қарши иммунитет шакллантирсак, ҳалоллик маданиятини миллий маданиятимизга айлантирсак, ўқув жараёнида ҳар қандай алдов ёки ноқонуний йўлларга муросасизликни тарбияласак, жамиятимизда адолат ва шаффофлик устувор қадриятга айланади.

    Таълим тизимида коррупцияга қарши кураш фақат жазо чоралари билан чекланиб қолмаслиги керак. Масалан, Сингапур ва Канада каби давлатларда академик ҳалолликни тарғиб қилиш мактаб ва университетлар даражасида кенг жорий этилган. Талабаларга адолатли рақобат муҳити яратилиб, билимини холис баҳолаш тизими такомиллаштирилган. Шу билан бирга, ўқувчилар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши тушуниши учун махсус дастурлар ишлаб чиқилган.

    Буюк Британия ҳамда АҚШда эса талабалар ва ўқитувчилар ўртасида очиқ мулоқотни таъминлаш учун махсус платформалар яратилган. Бу тизимлар орқали талабалар имтиҳон жараёнида ёки баҳолашдаги адолатсизликни аноним тарзда хабар қилиши мумкин. Бундай ёндашув таълим тизимини ҳеч қандай аралашувсиз, ҳақиқий билимга асосланган ҳолда шакллантиришга ёрдам беради.

    Биз ҳам ёшлар онгида коррупцияга қарши муросасизликни шакллантиришимиз, билим ва салоҳият ҳақиқий қадриятга айланиши учун таълим тизимида ислоҳотларни изчил давом эттиришимиз шарт. Бу йўлда нафақат давлат, балки ота-оналар, ўқитувчилар ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз масъулиятини ҳис қилиши жуда муҳим. Шундагина коррупциядан холи, адолат ва шаффофликка асосланган таълим тизимини яратишимиз мумкин.

    Олий таълим тизимида рақамлаштириш жараёни кенг миқёсда амалга оширилмоқда. Бу эса абитуриентлар, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун қулайлик яратиш билан бирга таълим жараёнида шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда унинг тармоғида 36 та ахборот тизими ишлаб чиқилган. Мазкур тизимлар ОТМ, лицей, касбий ва олий таълимдан кейинги таълимга қабул жараёнини тўлиқ рақамлаштириш имконини берди. Жумладан, my.edu.uz ва my.uzbmb.uz ахборот платформалари орқали абитуриентлар ўз ҳужжатларини онлайн топшириш имкониятига эга бўлди. Бу эса вақт ва маблағни тежаш, бюрократик тўсиқларни қисқартиришга олиб келди.

    Шунингдек, таълим жараёнини самарали бошқариш мақсадида Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими — HEMIS жорий этилди. Бу тизим 35 турдаги статистик маълумотларни рақамлаштиришга ёрдам берди. Гуруҳ журналлари, ўзлаштириш қайдномалари, дарс ва имтиҳон жадваллари, диплом ва академик маълумотлар, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар тўғрисидаги маълумотлар ягона платформада сақланади. Бундан ташқари, HEMIS такомиллаштирилиб, талабалар учун давомат ва имтиҳон натижалари бўйича апелляция бериш механизми жорий этилди.

    Касбий (prof.edu.uz) ва ўрта махсус таълим (emis.edu.uz) муассасаларида ҳам маъмурий жараёнлар ахборот тизимлари орқали бошқарилмоқда. Талабаларга электрон шартномалар тақдим этиш, онлайн тўловлар ва мониторинг юритиш учун EduBilling ахборот тизими ишга туширилди. Бу тизим орқали шартномалар фақат электрон шаклда олинади. Натижада тайёрлаш вақти 70 фоиз қисқарди, бюрократик жараёнлар эса 90 фоиз камайди.

    Олий таълим муассасаларида билимларни назорат қилиш ва баҳолаш тизими Blind assessment усулида йўлга қўйилди. Бу усул талабаларнинг бажарган ишларини кодлаш орқали баҳолаш жараёнида шаффофлик ва холисликни таъминлайди. Диплом маълумотларини ягона база (diplom.edu.uz) орқали текшириш имконияти яратилди. 1991-2020 йилларда берилган 1,5 миллиондан ортиқ дипломнинг 84 фоизи рақамлаштирилди.

    Талабалар ва ота-оналари учун онлайн тўлов тизими жорий этилди. Click, Payme ва Zoomrad орқали контракт тўлови, стипендия маълумотлари ва ижара шартномалари тўлиқ рақамлаштирилди. Ётоқхона ўринларини шаффоф ва автоматлаштирилган тарзда тақсимлаш, талабаларнинг жойлашуви бўйича электрон кузатув тизимини жорий этиш ишлари бажарилди.

    Бундан ташқари, стипендия тайинлаш ва тўлаш жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, инсон омили аралашуви йўқ қилинди. Электрон шартномаларни верификация қилиш орқали бюрократик жараёнлар сезиларли даражада қисқарди.

    Таълим тизимидаги бу каби рақамлаштириш ишлари коррупцияни камайтириш, бюрократик тўсиқларни йўқ қилиш ва таълим жараёнларини янада шаффофлаштиришга хизмат қилмоқда. Электрон ҳужжат айланмаси, онлайн мониторинг ва автоматлаштирилган баҳолаш тизими орқали талабалар учун тенг имконият яратилиб, таълим тизими халқаро стандартларга мос равишда ривожланмоқда.

    Олий таълим муассасаларида талабалар ва ўқитувчилар учун қулайликларни ошириш мақсадида “Регистратор офис”лар ташкил этилди. Бу инновацион ёндашув “Ягона дарча” тамойили асосида ишлаб, 30 турдан ортиқ хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Энди талабалар ўқув жараёни билан боғлиқ турли маъмурий масалаларни битта офис орқали осон ва тез ҳал қилиш имкониятига эга бўлмоқда.

    Янги тизимнинг асосий мақсади бюрократик тўсиқларни камайтириш ва инсон ­омили аралашувисиз хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишдан иборат. Шу сабабли келгусида “Регистратор офис”лар орқали автоматлаштирилган хизматлар сони босқичма-босқич кўпайтирилиши режалаштирилган. Бу эса талабалар вақтини тежаш, жараёнларни шаффофлаштириш ва таълим тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

    Рақамлаштириш жараёни жадал давом этаётган ҳозирги даврда бу каби ташаббуслар таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, талабалар учун эса қулай муҳит яратиш йўлидаги муҳим қадамлардан.

    Олий таълим тизимида эришилган натижалар билан бирга камчиликлар ҳам йўқ эмас. Уларни бартараф этиш учун қатор ишларни бажаришни мақсад қилганмиз. Хусусан, қўшимча тўлов асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг билим даражасини мунтазам таҳлил қилиш, имтиҳон натижаларини қатъий назоратга олиш уларнинг ўқув жараёнига масъулиятини оширишга хизмат қилади. Бундай ёндашув билим даражасини кўтариш билан бирга таълимдаги холисликни таъминлашга ҳам ёрдам беради. Шу билан бирга, ОТМларда раҳбар-ходимларнинг ротация қилиниши тизимда янги фикр ва ёндашувларни шакллантириш, бошқарув самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

    Профессор-ўқитувчиларни лавозимларга ишга қабул қилиш жараёнини рақамлаштириш, танловларнинг шаффоф ва очиқ ўтишини таъминлаш ҳар бир номзодга тенг имконият яратишга хизмат қилади. Илмий салоҳиятга эга мутахассисларнинг муносиб лавозимга эга бўлиши таълим тизими ривожида катта аҳамиятга эга. Шунингдек, олий таълим муассасалари ўртасида коррупцияга қарши рақамлаштирилган рейтинг тизимини жорий этиш орқали қайси ОТМда шаффофлик ва адолат устувор экани аниқланади. Бу эса барча олийгоҳларни тизимдаги ислоҳотларни янада самарали олиб боришга ундайди.

    Касбий (ижодий) имтиҳонларни тўлиқ очиқ ва шаффоф ўтказиш, барча фуқароларга уни онлайн кузатиш имкониятини бериш муҳим аҳамиятга эга. Бу талабаларга тенг шароит тақдим этиш ва ҳар бир иштирокчининг билими муносиб баҳоланишини таъминлаш имконини беради. Шу билан бирга, ОТМ раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчиларнинг вакант лавозимларга ҳужжат топшириш жараёнини рақамлаштириш адолатли танлов тизимини шакллантиришни таъминлайди.

    Талабалар ва педагог ходимларнинг ҳуқуқий онги ҳамда маданиятини ошириш, коррупцияга нисбатан тоқатсизликни шакллантиришга қаратилган тадбирларни амалга оширишда кенг жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим. Бу йўналишда мунтазам тадбирлар ташкил этиш, маърифий лойиҳаларни амалга ошириш, коррупцияга қарши тарғибот ишларини кучайтириш таълим тизимининг умумий маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Шунингдек, талабаларнинг ота-оналари, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида коррупцияга қарши курашиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида факультетларда “Очиқ эшиклар куни” тадбирларини ўтказиш тизимдаги ишончни мустаҳкамлайди.

    Олий таълим тизими жамиятнинг таянчи ва тараққиётнинг муҳим бўғинидир. Ушбу тизимда адолат ва шаффофлик таъминланса, илм-фан ва таълим янада ривожланади, мамлакат тараққиётига асос бўлади. Коррупциядан холи, ҳалоллик тамойилларига асосланган ўқитиш тизими эса кучли давлат, кучли иқтисодиёт ҳамда кучли жамиятни шакллантиришда асосий омиллардан бири бўлиб қолади. Бугун қабул қилинаётган қарорлар ва амалга оширилаётган ташаббуслар эса келажак тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратади.

    Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

    олий таълим, фан ва

    инновациялар вазири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates