Қайд Тошкентда экологик йўналишдаги www.batareykalar.uz лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу ташаббус 2024 йилда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ташкил этилган III Халқаро "Ёшлар — келажак бунёдкори!" экологик ва туристик форумида "Энг яхши экологик лойиҳа" номинациясида ғолиб деб топилган. Лойиҳа муаллифи ва тақдимот ташаббускори экофаол Ферузбек Сайфуллаевдир.
Лойиҳа энг долзарб экологик муаммолардан бири — ишлатилган батарейкаларни хавфсиз йиғиш ва йўқ қилиш масаласига қаратилган. Чунки ушбу чиқиндилар таркибида қўрғошин, кадмий, симоб, никель ва литий каби оғир металлар мавжуд бўлиб, уларнинг нотўғри утилизацияси атроф-муҳит ҳамда инсон саломатлиги учун жиддий таҳдид туғдиради.
Мазкур ташаббус доирасида бутун мамлакат бўйлаб 100 та махсус контейнер ўрнатилди. Йиғиш пунктларининг аниқ манзиллари www.batareykalar.uz платформасида жойлаштирилган бўлиб, ҳар бир фуқаро ўзига энг яқин контейнерни осонгина топиши мумкин.
Ҳозирда республика ҳудудларида 28 та чиқинди йиғиш пункти фаолият юритмоқда. Ҳар бир пункт Экология вазирлиги ҳамда Чиқиндиларни бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаларида ва Корзинка супермаркетларида жойлаштирилган. Тошкент шаҳрида эса 72 та пункт ишга туширилган бўлиб, уларнинг ярми Корзинка дўконларида, қолганлари давлат идоралари ва таълим муассасаларида жойлашган.
Гарчи Ўзбекистонда ҳозирча батарейкаларни қайта ишлашга ихтисослашган завод мавжуд бўлмасада, лойиҳа экологик хавфсизлик талаблари асосида, мустақил ташаббус сифатида амалга оширилмоқда. Йиғилган барча батарейкалар хавфсиз шароитда вақтинча сақланади ва кейинчалик “No Waste” компанияси томонидан халқаро стандартларга мувофиқ утилизация қилинади.
Лойиҳа аҳолини моддий рағбатлантиришсиз амалга оширилмоқда. Бунда асосий эътибор — фуқароларда экологик маданиятни шакллантириш ва чиқиндиларни онгли равишда бошқариш борасида масъулиятни оширишга қаратилган.








