Ўзбекистонда дағал жунни тўлиқ қайта ишлаш технологияси яратилди

    Қўйларнинг дағал жуни одатда қирқиб олингач, ташлаб юборилади. Боиси, шу вақтгача уни қайта ишлаш технологияси бўлмаган.

    Сайёрамизда аҳоли сони кун сайин ортиб, барча турдаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёж кенгайиб боряпти. Айниқса, жаҳон бозорида кийим-кечак, текстиль маҳсулотларига талаб ҳамиша юқори. Шу боис, тўқимачилик саноати дунёда энг тез ривожланаётган соҳалар қаторида етакчилик қилмоқда. Нафақат пахта ва ипак, балки жун толасидан тайёрланадиган маҳсулотларнинг харидори доим топилади.

    Юртимизда жунчилик яхши ривожланган. Аммо жун толасидан сифатли ип ишлаб чиқаришда асосан майин жундан фойдаланиш талаб этилади. Ўзбекистон шароитида етиштирилдадиган қўй жунининг асосий қисмини эса дағал ва қаттиқ жунлар ташкил қилади. Улардан сифатли ингичка ип олишнинг имкони йўқ. Бордию, дағал жун қайта ишланиб, майин жун толасига айлантирилса, тармоқда хомашё базаси янада кенгайиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ортишига эришилади. Чорвачилик тармоқларида ишлаб чиқаришни кенгайтириш вазифаси Президент қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022—2026 йилларга мўлжалланган дастур”да ҳам белгиланган.

    Шу мақсадда институтимиз олимлари Тошкент тўқимачилик ва енгил санот институти мутахассислари билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб борди. Натижада дағал жунни кимёвий ва механик усулда қайта ишлаш орқали техник жиҳатдан сифатли бўлган майин жун олишга эришдик. Ўтган йили 1–2 июнь кунлари давлатимиз раҳбарининг Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида мазкур инновацион лойиҳа тақдимоти ўтказилганида, янгилик истиқболли, деб топилди. Берилган топшириқ асосида лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилиб, 1 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилди. Ҳозирда мазкур технология Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида ишлаб чиқаришга жорий этилган.

    Энди қўй жуни чиқиндига чиқарилмайди

    Жун толасидан тайёрланган маҳсулотлар табиий хоссалари, кўркамлиги, мустаҳкамлиги, майин ва иссиқликни яхши сақлай олиши билан ажралиб туради. Бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун асосан қўйнинг майин жунидан фойдаланилади. Қўйларнинг дағал жуни эса одатда қирқиб олингач, ташлаб юборилади. Боиси, шу вақтгача уни қайта ишлаш технологияси бўлмаган.

    Ўзим ҳам болаликдан бунга кўп гувоҳ бўлганман. Кузда ва баҳорда қўйларнинг жунини қирқардикда, қопларга солиб, сақлаб қўярдик. Аммо унга ҳеч ким харидор бўлмас ва охир-оқибат чиқинди сифатида ташлаб юборардик. Ўшанда “наҳотки шу жунни бирор нарсага ишлатиб бўлсама”, деб ўйлаганман. Кейинчалик Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига ўқишга кириб, қўй жунлари ва уни қайта ишлаш ҳақида кўпроқ маълумотлар ўргандим. Устозим — техника фанлари доктори, профессон Ирода Набиева билан биргаликда лойиҳанинг илмий ва амалий асосларини ишлаб чиқдик. Йиллар ўтиб, бу ғояни ривожлантиришга аҳд қилдим.

    Айтиш жоизки, мазкур тажриба фақат юртимиз шароитида бажарилмоқда. Чунки хориж давлатларида асосан майин жун етиштирилади. Мамлакатимиз ҳамда қўшни Қозоғистонда боқиладиган қўйларнинг жуни эса кўп ҳолларда дағал. Бу табиат, иқлим шароитимиз ҳамда қуй зотлари билан боғлиқ.

    Ҳозирги кунда мамлакатимизда 15—20 миллион бош қўй ва эчкилар боқилади. Улардан 13 минг тонна жун хомашёси тайёрлаш мумкин. Нисбатан кенг тарқалган қоракўл қўйларнинг жуни йилда икки марта — баҳор ва кузда қирқиб олинади. Кузги қирқимда олинган жунлар қаттиқ ва дағалроқ бўлиб, улардан асосан наъмат ва нотўқима маҳсулотлар, иссиқлик сақловчи материаллар сифатида фойдаланиб келинмоқда. Баҳорги қирқим эса кузгига нисбатан майин ва сифатли жун толаларининг кўплиги билан ажралиб туради.

    Жараённинг асосий қисми

    Ҳар бир қуйдан тозаланмаган холда ўртача 1-1,5 килограмм атрофида жун олиш мумкин. Ундан сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш учун эса жунга дастлабки ишлов бериш талаб этилади. Яъни, дағал жун толасини таркибидаги турли чиқиндилар, табиий ёғ қолдиқларидан тозалаш зарур.

    Дастлаб, жун толаси сараланиб, кейинги босқичда механик усулда титиш ва тозалаш жараёнидан ўтказилади. Сўнг спирт актив модда, сода, махсус ферментлардан иборат эритма ёрдамида ювилади. Бу жараённинг асосий қисми бўлиб, унда жун толаси таркибидаги ёғ-моддалар кимёвий моддалар таъсирида эрувчан холатга ўтади. Махсус ферментлар эса жун толасининг майинлашишини таъминлайди. Ювиш жараёнида хомашёнинг физик-механик хоссалари сақлаб қолинади, ҳўлланувчанлиги, сув шимувчанлиги ва майинлиги ортади.

    Ювиш вақтида нафақат жун, балки жараёнда ҳосил бўладиган ювиш эритмалари ҳам тозаланиб, ундан жун ёғи ажратиб олинади. Бу иқтисодий самарадор бўлиш билан бирга, атроф-муҳит ва экологик жиҳатдан ҳам аҳамиятлидир.

    Шундай қилиб, тажрибалар давомида дағал жун толасига кимёвий усул ёрдамида бирламчи ишлов берилиб, тозалаш ва ювиш жараёнларидан сўнг майин жунга айлантиришга эришдик. Ушбу усулда олинадиган хомашё асосида тўқимачилик саноатида жун толали калава иплар, трикотаж маҳсулотлари, костюмбоп матолар ва турли хилдаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

    Ҳозир жунни қайта ишлаш корхонамизда 6 та ишчи ўрни яратилган бўлиб, зарур технологик қурилмаларни ясаш ва ўрнатиш ишлари олиб бориляпти. Яқин кунларда корхона ишга туширилади. Бу ерда дағал жунни тўлиқ қайта ишлаб, йилига 60 тонна майин жун тайёрлаш кутилмоқда. Кейинги босқичларда эса майинлаштирилган жун толаси йигирилиб, тайёрланган ингичка ип ва унинг асосида ҳар хил ассортиментдаги трикотаж ва костюмбоб матолар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу орқали яна 20 нафардан ортиқ иш ўрни яратилади.

    Тажрибани ҳудудларда қўллаш ҳам яхши самара беради. Қирқиб олинган қўй жунини чиқинди сифатида ташлаб юбораётган аҳоли эндиликда, ундан даромад олиши мумкин. Асосийси, янги технология тўқимачилик саноатида қўшимча хомашё базасини яратади. Бу эса янги турдаги текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.

    Мустафоқул ЎРОЗОВ,

    Термиз муҳандислик технология институти

    Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор,

    техника фанлари номзоди, доцент

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 26.05.22, 104-сонида эълон қилинган)

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates