Пойтахтимиздаги «Анҳор-Локомотив» боғида «Йил ресторани-2022» гастрономик фестивали ва танлови бўлиб ўтди. Мазкур тадбир мамлакатимизда гастрономик туризмни ривожлантириш ва ресторанлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Гастрономик туризм ассоциацияси томонидан ташкил этилган фестивалда 10 та ресторан, ресторан бизнеси ва туризм вакиллари, турли дипломатик элчихоналар вакиллари, журналист ва блогерлар ҳамда шаҳар аҳолиси иштирок этди.
Танловда финалчилар ўз ресторанларининг менюси ва контсепцияси асосида дегустация дастурхонларини безатдилар, шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати таомларни баҳолади.
Фестивалда «Европа таомларининг йилнинг энг яхши ресторани», «Энг яхши миллий таом ресторани», «Энг яхши намунали официант» номинациялари бўйича ғолиблар эсдалик совғалари, диплом ва ҳайкалчалар билан тақдирланди.
Миллий ошхона номинациясида мукофотланган ресторанлар:
1-ўрин: «Мажнунтол» – Қашқадарё вилояти;
2-ўрин: «Қирқ чинор» – Навоий вилояти, «Замин» – Наманган вилояти;
3-ўрин: «Анжир» – Тошкент шаҳри.
Хорижий ошхоналар номинациясида қуйидагилар ғолибликка муносиб деб топилди:
1-ўрин: «Андара» – Бухоро вилояти;
2-ўрин: «Лас-Вегас» – Қорақалпоғистон, «Зарафшон» – Навоий вилояти;
3-ўрин: «Қанотчи» – Тошкент шаҳри.











