«Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаш» тадқиқот натижалари эълон қилинди

    Ижтимоий ҳаёт 12 август 2020 3157

    Кенг жамоатчилик, айниқса, кам таъминланган оилалар, ижтимоий нафақа олувчи кишилар, ногиронлиги бор шахслар ва кексалар, ёшлар, норасмий ишловчилар ҳамда ишсиз фуқаролар фикрини аниқлашга қаратилган «Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаш» тадқиқот натижалари эълон қилинди.

    Ўзбекистондаги ижтимоий ҳимоя тизими кўп йиллар давомида мутахассислар ва жамоатчиликда саволлар уйғотиб келади. Коронавирус пандемияси шароитида эса ижтимоий ҳимоя масаласи янада долзарблик касб этади.

    Ижтимоий ҳимоя қанчалик аҳамиятли? Ўзбекистонда бу тизимнинг кучли ва заиф томонлари нимада? Миллий ижтимоий ҳимоя тизимини бу каби чақириқларга янада бардошли ҳамда пандемия оқибатларини ҳал қилишнинг янги йўлларини топишга қодир қилиб такомиллаштириш имкони борми?

    Мазкур саволларнинг айримларига жавоб топишда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), Жаҳон банки ва ЮНИСEФ ҳамкорликда ўтказган ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан эълон қилинган тадқиқот ёрдам беради.

    Тадқиқот республикамиздаги муҳим ижтимоий ҳимоя дастурлари, уларнинг самарадорлиги ва молиявий барқарорлиги тавсифларини ўз ичига олади, тизимнинг кучли ва заиф томонларини аниқлаштиради ва уни мустаҳкамлаш бўйича қатор тавсия ва хулосаларни таклиф этади.

    Тадқиқот республикамиздаги муҳим ижтимоий ҳимоя дастурлари, уларнинг самарадорлиги ва молиявий барқарорлиги тавсифларини ўз ичига олади. Бу эса тизимнинг кучли ва заиф томонларини аниқлаштириш ва уни мустаҳкамлаш бўйича қатор тавсия ҳамда хулосаларни таклиф этиш имконини беради.

    Тадқиқот 2018 йилда ижтимоий ҳимоя тизими 55 фоизга яқин аҳолининг эҳтиёжини қондирганини кўрсатди. Ижтимоий ҳимоя дастурларидан фойдаланганларнинг умумий сони эса 2012 йилда 8,1 миллиондан 2017 йилда 6,4 миллионгача камайиб борган. Энг кам кўрсаткич ишсизлик нафақаси ва кам таъминланган оилалар учун ижтимоий нафақа олувчилар орасида қайд этилган.

    «Ушбу тадқиқотда миллий ижтимоий ҳимоя тизими батафсил таҳлил қилинган. Бундан ташқари, ҳужжатда Ҳукумат томонидан коронавирус пандемиясига қарши амалга оширилаётган дастурлар учун ҳам фойдали бўладиган ишчи тавсиялар келтирилган», - дея таъкидлайди «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов.

    «Ҳисоботнинг асосий хулосаларидан бири шу бўлдики, ижтимоий ҳимоя тизими етакчилик ва ҳаракатларни мувофиқлаштиришни амалда қўллай олишга, ижтимоий ҳимоянинг Миллий стратегиясини ишлаб чиқишга ҳамда ҳаётга татбиқ этишга қодир ягона агентликка муҳтож. Стратегия, ўз навбатида, тизимдаги, айниқса, болалар ва уларнинг оилалари, ногиронлиги бор шахслар ва кексалар ҳаётидаги муҳим бўшлиқларни тўлдиришга қодир. У, шунингдек, ижтимоий таъминот, ижтимоий ёрдам, ижтимоий хизматлар ва меҳнат бозорига кўмаклашувчи фаол дастурларга комплекс ёндашувни таъминлаши мумкин. Бу эса ресурсларни самарали тақсимлашга ҳамда аҳолини, хусусан, нисбатан заиф қатламни мутлақ ҳимоялашга олиб келади», - дея таъкидлайди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ижтимоий сиёсат раҳбари Юлия Олейник.

    Бундан ташқари, иш билан банд аҳолининг деярли 55 фоизи норасмий секторда. Демак, улар ижтимоий ҳимоя дастурларига қамраб олинмаган. Ушбу тоифа шахслар кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор шахслар ва кексалар билан бир қаторда коронавирус пандемияси шароитида юқори хавф ҳудудига тушиб қоладилар.

    «Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг 44 фоиз аҳолиси ижтимоий суғурта дастурларидан фойдаланишади. Бу эса ижтимоий суғурта дастурларига бюджет маблағларининг ажратилиши қисқартирилган тақдирда ҳам қашшоқликни камайтиришга сезиларли таъсир кўрсатадиган етарлича даврий кафолатлар бериш учун ижтимоий суғурта механизмларининг муҳимлигидан далолат беради. Етарлича молиялаштирилган ва пухта лойиҳалаштирилган, шунингдек, иқтисодиётнинг норасмий сектор ишчиларини ҳам ўз ичига оладиган ижтимоий ҳимоя тизими - алоҳида шахслар, уй бекалари ва умуман иқтисодиётга, ижтимоий-иқтисодий ва иқлимий таъсирларга бардошлиликни оширишнинг калитидир», - дейди ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Бюросининг муносиб меҳнат масалаларини техник қўллаб-қувватлаш гуруҳи меҳнат муҳофазаси бўйича бош мутахассиси Ясмина Папа.

    Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда ярим миллионга яқин киши COVID-19 пандемияси натижасида камбағаллик чегарасидан пастга тушиш эҳтимоли бор. Бунда фавқулодда ҳолат яна давом этган тақдирда вазият ёмонлашса, хавф даражаси юқорилаб боради. Шунинг учун, мамлакатдаги барча муҳтож инсонларни ҳимоялашни таъминлаш учун ҳар қачонгидан ҳам тезкор ва инклюзив ижтимоий ҳимоя тизими зарур бўлади.

    «COVID пандемияси оқибатида кўпроқ зарар кўрган, камбағаллик чегараси остида ва камбағаллик чегараси устида турганлар орасида зудлик билан ижтимоий ҳимояни кенгайтириш керак бўлади.

    Жаҳон банки, ЮНИСEФ ҳамда ХМТ турли гуруҳдаги муҳтож инсонларни қўллаб-қувватловчи, тезкор ва самарали, мустаҳкам ва инклюзив ижтимоий ҳимоя дастурларини ишлаб чиқишда ҳукуматга ёрдам беришга тайёр», - дея қайд этади Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси Маддалена Хонорати.

    «Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини баҳолаш» тадқиқоти жамоатчилик, айниқса, кам таъминланган оилалар, ижтимоий нафақа олувчи кишилар, ногиронлиги бор шахслар ва кексалар, ёшлар, норасмий ишловчилар ҳамда ишсизлар фикрини аниқлаш мақсадида Jamoatchilik.uz (https://jamoatchilik.uz/project/uz/) платформасида эълон қилинди. Бунда исталган киши тадқиқот жойлаштирилган Интернетдаги саҳифага кириши ва ўз фикрини изоҳларда ёзиб қолдириши мумкин, деб хабар беради «Юксалиш» Умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates