Ўзбекистонда илк бор йирик гидро тўплаш электр станциялари барпо этилади

    Лойиҳалар тўлиқ қувватда ишга туширилгач, 1 млн 600 мингдан ортиқ аҳоли узлуксиз электр энергияси билан таъминланади.

    «Ўзбекгидроэнерго» АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ҳамда ХХРнинг «China Southern Power Grid International (HK) Co., Ltd» компанияси Бошқаруви раиси Чжан Танжи қиймати 1 млрд 640 млн АҚШ долларига тенг, қуввати 820 МВт бўлган 3 та лойиҳа: «Юқори Пскем» ГТEС (қуввати 200 МВт), «Қаратерен» ГТEС (500 МВт) ҳамда «Юқори Пскем» ГEС (120 МВт) гидроиншоотларини қуриш бўйича Англашув меморандумини имзоладилар.

    Меморандум доирасида дастлаб ўзбек-хитой компаниялари томонидан қўшма ишчи гуруҳи таркибини шакллантириш борасида келишиб олинди. Қўшма ишчи гуруҳи томонидан лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади. Бу жараёнга халқаро тоифадаги эксперт-мутахассисларни ҳам жалб этиш кўзда тутилган.

    Мазкур лойиҳалар 2030 йилга қадар тўлиқ қувватда ишга туширилади.

    ГТEСларнинг ишга туширилиши натижасида йилига ўртача 3 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 835 млн 655 минг куб метр табиий газ тежалади. Шунингдек, атмосферага чиқувчи зарарли ис гази миқдори камайишига эришилади. Бу ҳақида Энергетика вазирлиги хабар бермоқда.