Ўзбекистонда камбағаллик даражаси. Камбағалликни камайтириш учун нима қилиш керак?

    Фикр 5 ноябр 2020 16963

    Камбағалликнинг юқори даражаси Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Aндижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилмоқда. Ўзбекистондаги камбағаллик ҳақида маълумотлар, улар кимлар, қаерда ва қандай ҳаёт кечиради.

    Жорий йилнинг 27 февралида камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз аҳолисининг 12-15% ёки 4-5 милллион аҳоли камбағаллик шароитидалигини таъкидлади. Бу уларнинг кунлик тушуми 10-13 минг сўмдан ошмаслигини англатади.

    Ҳозирги кунда камбағал оиланинг шахсий компьютер билан таъминланганлиги Республикадаги ўртача оиладан 12 баробарга, шахсий машина билан – 11 баробарга, кондиционер билан – 8 баробарга, чангютгич билан – 4 баробарга, кир ювиш машиналари билан – 4 баробарга, музлатгич билан – 2 баробарга, телевизор ва уяли алоқа воситалари билан – 1,5 баробарга камлиги кузатилади.

    Аҳолининг камбағал қатлами мамлакатга хос бўлган тезкор иқтисодий ўсишдан фойда кўриш имкониятидан маҳрум бўлибгина қолмай, жамиятнинг турли соҳаларида иштирок этиш имконияти чекланганлиги туфайли ривожланишга ҳам ҳисса қўша олмайди. Давлат бепул ўрта таълимни таъминлайди, тиббий хизматларнинг асосий пакетини кафолатлайди, «ижтимоий аҳамиятли ва хавфли» шароитлар учун парвариш заиф деб таснифланган гуруҳларга ихтисослашган ёрдам ва кам таъминланган оилаларга имтиёзлар беради. Аммо, бундан-да кўпи амалга оширилиши лозим.

    Чунки камбағаллик ҳолатида тушиб қолишдан кўра, ундан чиқиб кетиш кўп карра қийинроқ. Ўзи қишлоқ шароитида яшовчи камбағал одам касал бўлиб қолган шароитда докторга учрашиш учун шаҳарга қатнашига тўғри келади. Унинг дори-дармон харажатларига йўл кира ҳам қўшилади. Камбағал оила фарзанди пул топиш илинжида таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин, бу эса унинг келажакдаги даромадлари даражасига таъсир этади. Шунинг учун ҳам кўп ҳолларда «камбағаллик» ва «камбағаллик қопқони» тушунчалари бирга ишлатилади.

    Камбағаллик нима?

    Камбағаллик тушунчасига ягона таъриф мавжуд эмас. Баъзилар камбағаллик деганда инсоннинг бирламчи эҳтиёжларини (озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, таълим ва соғлиқни-сақлаш) қондиришга имкониятнинг мавжуд эмаслигини тушунса, бошқалар – танлов эркинлигининг етарлича эмаслиги ёки кунига 1,90 доллардан кам миқдорга кун кечиришни, учинчи томон эса –инсоннинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги иштирокига путур етказувчи ижтимоий, таълим ва соғлиқни-сақлаш соҳасидаги тўсиқларнинг доимий доирасини тушунишади. Умумий қараганда, камбағалликни баҳолаш бир нечта аниқ белгиланган кўникма ва усулларни талаб қилади.

    Камбағаллик даражаси қандай ўлчанади?

    Белгиланган даврда инсон фаровонлиги даражасини ўлчашда фойдаланиладиган 2 та кўрсаткич мавжуд: аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад ёки аҳоли жон бошига тўғри келадиган истеъмол харажатлари. Даромадларнинг истеъмолга нисбатан ўзгарувчан бўлиши, баъзи даромад манбаларини аниқлашнинг мураккаблиги, даромадлар тўғрисидаги ёлғон маълумотларнинг келтирилиш даражаси юқори бўлганлиги учун амалиётда 2-кўрсаткичдан фойдаланиш тавсия этилади. Шунинг билан бирга, фаровонлик кўрсаткичи сифатида истеъмол харажатлари маълумотларидан фойдаланишда эса вақт ўтиши билан нархларнинг ўзгаришини, айрим мамлакатлар ўртасидаги нархлар фарқини, уйда истеъмол қилинадиган товарлар (шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари), уй хўжаликлари томонидан қабул қилинадиган жамоат товарлари ва хизматлари нархлари (бепул ёки субсидияланган тиббий ёрдам, мактаб овқатлари, халқ таълими) кабиларни ҳисобга олган ҳолда бу кўрсаткичга баъзи тўғрилашларни киритиш лозим бўлади.

    Шу сабабли, ким камбағал ёки камбағал эмаслигини аниқлаш учун истеъмол (даромад) тўғрисидаги билимларга асосланиб, одатда «камбағаллик чегараси» деб номланадиган камбағалликнинг энг юқори даражасини аниқлаб олиш лозим. Бу эса мушкул вазифадир, чунки камбағаллик таърифи бўйича ҳам, унинг чегараси бўладиган нарсада ҳам мутахассислар ўртасида якдил фикр мавжуд эмас. Шу билан бирга, камбағаллик чегарасининг энг кўп ишлатиладиган таърифлари қуйидагилардир:

    Озиқланишга асосланган камбағаллик даражаси. Қашшоқлик маълум кўринишларни олади ва очлик ана шундай кўринишлардан биридир. Бундай ҳолда, фаровонлик аҳоли жон бошига кунлик килокалориялар истеъмоли билан ўлчанади ва ушбу категориядаги одамлар учун кунлик энергия сарфи миқдори билан таққосланади. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти кунига энергия сарфи чегарасини ўртача 1800 килокалория қилиб белгилашни тавсия этади. Бу кўрсаткич ёшга, жинсга ва инсон фаолият даражасига қараб ўзгариши мумкин. Озиқ моддалар етишмовчилигининг бошқа шакллари, масалан, оқсиллар ёки «яширин очлик» деб номланган баъзи микроэлементлар учун ҳам чегара белгиланиши мумкин. Бундай ҳолатда ҳам тавсия этилган минимал даражадан келиб чиқиб камбағалликнинг умумий даражасини белгилаш мумкин.

    Халқаро камбағаллик чегараси. Ушбу чегара Жаҳон банки томонидан халқаро таққослаш учун ишлатилади. Ўта қашшоқлик чегараси сотиб олиш қобилияти паритети бўйича кунига 1 доллар миқдорида белгиланади, камбағаллик чегараси эса кунига 2 доллар миқдорида белгиланади. Сўнгги пайтларда ушбу камбағаллик чегаралари тегишли равишда 1,25 ва 2,5 долларга кўтарилган. Ҳозирги вақтда дунёдаги энг камбағал 15 мамлакат ушбу камбағаллик чизиғиларидан фойдаланади. Бироқ, ҳозирги вақтда, турли мамлакатларнинг ўзига хос хусусиятлари ва ривожланиш босқичларини ҳисобга олган ҳолда, камбағалликнинг бошқа чегаралари ҳам қўлланилади. Хусусан, даромади ўртача кўрсаткичдан паст бўлган давлатлар учун кам таъминланганлик даражаси кунига 3,2 доллар, даромади ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар учун эса кунига 5,5 долларни қўллаш тавсия этилади.

    Нисбий камбағаллик чегараси. Қашшоқлик нафақат мутлақ, балки нисбий тушунчадир. Одамлар ўз истеъмол даражасини тегишли назорат гуруҳидаги бошқа одамлар билан таққослаганда ўзларининг ҳолатини субъектив равишда ёмон баҳолашлари мумкин. Бу нисбий маҳрумлик тушунчаси туфайли одамлар ўз мамлакатлари ёки жамоаларидаги ўртача кўрсаткичга нисбатан шахсий даромадлари ёки истеъмоллар даражаларига аҳамият беришади. Нисбатан камбағаллик чегарасини оддий ижтимоий-иқтисодий фаолиятда муносиб иштирок этиш учун зарур бўлган ижтимоий интеграция харажатлари сифатида ҳам изоҳлаш мумкин. Нисбий камбағаллик чегарасини қўллаш Европа мамлакатларида кенг тарқалган. Бу ҳолда кам таъминланганлар сифатида мамлакатда энг кам истеъмол қилувчи 25% одам тушунилади.

    Субъектив камбағаллик чегараси. Aйтишимиз мумкинки, камбағаллик нафақат мутлақ ёки нисбий стандарт, балки идрок ҳамдир. Бундай ҳолда, уй хўжалигига: «Сиз қандай харажатларнинг қандай даражасини мутлақ минимал деб ҳисоблайсиз?» деб сўралади ва бу уларнинг ҳақиқий харажатлари даражаси билан таққосланади. Шундай қилиб, амалдаги харажатлари эълон қилинган субъектив минимумдан паст чиққанлар улушига камбағаллик даражаси деб қаралади. Aммо, бу ерда камбағаллик даражаси, кўп ҳолларда, саволнинг қандай берилишига боғлиқ.

    Ўзбeкистондаги камбағаллик ҳақида маълумот (улар кимлар, қаерда ва қандай ҳаёт кeчирадилар?)

    Ўзбекистонда камбағалликни ўлчашда фақат дастлабки иккита усул қўлланилади. Озиқланишга асосланган усулнинг натижалари камбағаллик даражасини 11,4% эканлигини кўрсатади. Иккинчи ёндашув натижаларига асосланиб эса кунига 5,5 доллар чегарани олганда кам таъминланганлик даражаси 36,6% ва 3,6 доллар деб олганда - 9,6%ни ташкил этади. Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, камбағалликнинг юқори даражаси Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Aндижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилмоқда.

    Сўнгги йилларда камбағаллик даражасини ўрганиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган омма учун очиқ маълумотлар базасини яратишда сезиларли ютуқларга эришилди. Улар бизга камбағалликни тавсифлаш, унинг омиллари, шунингдек, аниқ дастурлар ва сиёсий ислоҳотларнинг камбағалликка таъсири тўғрисидаги кўплаб фаразларни синаб кўриш имконини беради. Масалан, камбағал бўлган ва бўлмаган одамлар ёки уй хўжаликларининг хусусиятларини таққослаб, камбағалликнинг сабабини аниқлаш ва унга қарши курашнинг аниқ параметрларини белгилаш мумкин. Бунда маълумот қуйидаги йўналишларда таҳлил қилиниши мумкин:

    • Оила аъзоларининг хусусиятлари: ёши, жинси, миллати, маълумоти ва соғлик даражаси.
    • Уй хўжалигининг демографик хусусиятлари: оила бошлиғининг жинси, ишлаш ёшидаги аъзоларга тўғри келадиган болалар ва қариялар сони.
    • Мулк: ер, чорва моллари, асбоблар ва ижтимоий капитал.
    • Фаолият турлари: фаолият соҳаси, томорқа фаолияти, бандлик тури.
    • Жойлашув: қишлоқ / шаҳар, вилоят, туман.
    • Коммунал хизматлардан фойдаланиш: электр энергияси, ичимлик суви, тиббиёт муассасаси, мактаб, ижтимоий ёрдам дастурлари.
    • Бозорга кириш ва хусусий хизматлар: бозорларгача масофа, йўл инфратузилмаси, молиявий хизматлардан фойдаланиш ва б.

    Масалан, Россия тажрибаси шуни кўрсатадики, уй хўжалигининг камбағал бўлишига 16 ёшгача бўлган болаларнинг мавжудлиги, ишсиз оила аъзоларининг борлиги, қишлоқ жойларда яшаши, барқарор даромад манбаларининг йўқлиги ва уларнинг норасмий секторда бандлиги ва минтақанинг иқтисодий ривожланиши ёмонлиги каби омиллар таъсир кўрсатиши мумкин.

    Шундай қилиб, Ўзбекистондаги камбағалликнинг янада аниқ тасвирини унга қарши кураш бўйича асосий чора-тадбирлар ва тавсияларнинг мазмунини белгилайди. Ушбу соҳада олиб борилган тадқиқотлар натижаларига кўра, кам таъминланган оила 7 кишидан иборат бўлиб, оила бошлиғининг ўртача ёши 50 ёшдан юқори ва у олий маълумотга эга эмас. Жумладан, 11% кам таъминланган оиланинг бошлиғи ишсиз, 93% ҳолатларда эса олий маълумотга эга эмас ва фақат 24% ўрта махсус маълумотга эга. Кам таъминланган уй хўжаликларининг 43% доимий иш жойига эга эмас. 93% марказий иситиш тизимига, 96% марказий канализация тизимига ва 66% марказий сув таъминотига уланмаган.

    Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти томонидан БМТ Тараққиёт дастури кўмагида олиб борган шунга ўхшаш тадқиқотлар натижаларига кўра эса республикада кам таъминланган уй хўжаликларининг аҳволини қуйидагича тавсифланиши мумкин: улар 3 болали қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи, оила аъзоларининг маълумот даражаси юқори бўлмаган ва чет элда меҳнат қила оладиган меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган уй хўжаликларидир. Шу билан бирга, кам таъминланганлик даражаси аниқ минтақавий хусусиятга эга.

    Ушбу натижалар Жаҳон банкининг 2014 йилда Ўзбекистон иқтисодиётини инклюзив диагностикаси бўйича хулосалари билан мос келади. Хусусан, энг кам таъминланган уй хўжаликлари болалари кўпайиши сабабли каттароқ эканлиги, шунингдек, ишлайдиган катталар сони камлиги қайд этилган. Эркаклар орасида фаровонлик даражаси ҳар хил бўлган гуруҳлар ўртасида меҳнат ҳолатида жиддий тафовут йўқ. Бироқ кам таъминланган аёлларнинг ишчи кучи таркибидаги иштироки анча паст, ҳар учинчи кам таъминланган оиланинг бошлиғи аёл киши. Истеъмол (даромадлар) ўртасидаги тафовутни белгиловчи учта энг муҳим омил бу оила бошлиқларининг жинси, маълумоти ва бандлик ҳолати.

    Ушбу натижалар мамлакатнинг камбағаллик муаммосини ҳал қилишда аксарият минтақаларда таълим сифати, бандлик даражаси, уй-жой билан таъминланганлик имкониятлари ва яшаш шароитлари муҳимлигини тасдиқлайди.

    Камбағалликка қарши чоралар: макроиқтисодий ва микро даражадаги сиёсат

    Камбағалликка қарши кураш бўйича тавсиялар кам таъминланган уй хўжаликларининг хусусиятлари, жамият ҳаётида иштирок этишда иқтисодий-ижтимоий тўсиқлар ва ривожланишнинг истиқболли йўналишлари, шунингдек, макроиқтисодий ва микро даражада сиёсатга асосланган бўлиши уларнинг муваффақиятини белгилайди.

    Инклюзив бизнес моделларини ишлаб чиқиш. Бугунги кунда дунёда аҳолисининг кам таъминланган қатламлари энергия, сув таъминоти, канализация, ахборот технологиялари каби кўплаб соҳаларда сезиларли даражада қондирилмаган эҳтиёжларга эга. Шу билан бирга, ривожланган давлатлар иқтисодиётининг турғунлиги шароитида кам таъминланган гуруҳлар иштирокидаги бозор сегментларининг жозибадорлиги ошиб бормоқда. Камбағаллар жамиятнинг иқтисодий фаол қисми сифатида, агар уларнинг ишлаб чиқариш фаолиятида иштирок этиш имкониятлари кенгайтирилса, ишчилар ёки тадбиркорлар сифатида иқтисодий ўсиш жараёнларида ҳам иштирок этишлари мумкин. Шунинг учун зарур билим ва кўникмаларнинг етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш ва камбағалларнинг таълимига инвестиция киритиш ривожланишнинг асосий омилидир.

    Бундан ташқари, мазкур инклюзив бизнес моделлари бозор шароитларига мослаштирилиши керак, бу ерда институтлар, инфратузилма ва таълим даражаси нисбатан паст, тақдим этилаётган маҳсулотлар ва хизматлар дўконларда арзон бўлиши, мақбул ва фаол равишда реклама қилиниши керак бўлади. Бундай маҳсулотлар тан нархи ва сотиш баҳоси ўртасидаги кичик фарқ билан тавсифланади, аммо савдо ҳажми катта бўлади. Бу нафақат арзон товарларни, балки камбағалларнинг қондирилмаган эҳтиёжларини қондирадиган қадриятларни яратишни ҳам англатади.

    Шу асосда:

    Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси инклюзив бизнес учун тўсиқларни (масалан қонунлар ва нормаларнинг паст самарадорлиги ёки уларнинг мавжуд эмаслиги, бюрократия, қишлоқ инфратузилмаси ва йўлларнинг умумий ривожланмаганлиги, шунингдек, таълимнинг паст даражаси) енгиб ўтишда давлат органлари ва бизнес вакиллари ўртасида мулоқотни ташкил этиш зарур.

    Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вақт-вақти билан инклюзив бизнесда инвестиция имкониятларини илгари суриш, ривожланмаган бозорларни аниқлаш ва инклюзив бизнеснинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш бўйича тренинглар ўтказиб туриши тавсия этилади. Инклюзив бизнес билан шуғулланувчи корхоналар учун ҳар йили ўтказиладиган маҳсулотлар ярмаркаларини ташкил этиш, уларда тадбиркорлар ўзаро тажриба алмашишлари, бир-бири билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари кўриб чиқилиши мумкин. Ҳар йили «энг яхши инклюзив бизнес моделлари танловини» ўтказиш ва натижаларни ва намунавий лойиҳаларни кенг омма эътиборига ҳавола этиш, мавжуд танловлар доирасида «Йилнинг энг яхши инклюзив бизнес лойиҳаси» номинациясини тақдим этиш самарали механизмлардан деб қаралади.

    Давлатнинг таркибий ислоҳотлари. Одатда, ялпи ички маҳсулот ўсиши юқори бўлган давлатлар камбағалликни камайтиришда ҳам катта ютуқларга эришмоқда. Бироқ, дунё тараққиёти тарихида кўплаб тескари мисолларни топиш мумкин. Бунинг сабаблари турли хил иқтисодчилар томонидан турли йўллар билан изоҳланади. Масалан, баъзи мамлакатларда (Колумбия ва Марокаш) ушбу вазиятнинг сабаби иқтисодий ўсишга параллель равишда ўсиб бораётган даромадлар тенгсизлигининг таъсири бўлиши мумкин (Колумбияда фаол иқтисодий ўсиш даврида Жини индекси 51,3дан 58,3гача кўтарилган). Бошқа давлатлар (Филиппин) учун давлат муассасаларининг иш сифати пастлиги ва бошқа институционал омиллар кўрсатилган (масалан, Филиппинда давлат муассасаларининг сифати 1998 йилдаги 3,3 дан 2006 йилда 2,5 гача пасайган). Бинобарин, иқтисодчилар иқтисодий ўсишнинг самаралари автоматик равишда аҳолининг барча қатламларига таъсир қилиши чекланганлиги туфайли давлатнинг қайта тақсимлаш ролини ҳисобга олишга ундайдилар. Шундай қилиб, давлат аралашуви иш билан таъминлаш, солиққа тортишнинг прогрессив тури, ижтимоий харажатлар ва энг кам иш ҳақи сиёсатига йўналтирилган таркибий ислоҳотларни рағбатлантириш кабиларни ўз ичига олиши лозим.

    Шу асосда:

    Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги аёлларни иш билан таъминлаш дастурини мукаммалроқ кўринишини қабул қилиши, хусусан, мактабгача таълим тизимини ривожлантириш ва болаларни эрта ривожланиш марказларида бўлишларини рағбатлантириш, расмий иш кунида бандликни ёки иш вақтининг мослашувчан давомийлигини ва тақсимланишини таъминлайдиган янги иш ўринларини яратиш, иш ва аёлларнинг шахсий ҳаётини мувофиқлаштириш каби масалаларни инобатга олиши мақсадга мувофиқ.

    Саноат сиёсати. Ривожланаётган давлатлар шароитида малакасиз ишчи кучининг ҳаддан ташқари кўплиги ва молиявий ва моддий ресурсларнинг етишмаслиги тенденцияси устунлик қилади, бу асосан меҳнат ресурсларини талаб қиладиган соҳаларни ривожлантириш мақсадга мувофиқлигини билдиради. Бунга қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва енгил саноат, шунингдек, юқори технологияли ишлаб чиқариш турлари – монтаж, йиғиш, компьютер ишлаб чиқариш, оргтехника, саноат электр жиҳозларининг айрим турлари ва электротехника каби соҳаларни киритиш мумкин.

    Тегишли равишда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси юқори қўшимча қийматга эга бўлган меҳнат талаб қиладиган тармоқларни ривожлантириш бўйича кенг қамровли дастурни қабул қилиши мақсадга мувофиқ: масалан, тўқимачилик саноатини ва қўшимча қиймат улуши юқори бўлган тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва экспорт қилиш, миллий брендни яратиш, ипак буюмлари, гилам, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришга яқиндан ёрдам бериши мумкин.

    Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш. Хизмат кўрсатиш соҳасида, хусусан алоқа ва ахборотлаштириш, маиший хизмат, банк ва бизнес хизматларида (консалтинг, аудит, лизинг, суғурта ва бошқалар) кичик бизнесни ривожлантириш; қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида тадбиркорларга хизмат кўрсатиш, шу жумладан маҳсулотларни тайёрлаш ва сақлаш, қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатиш, чорва учун озуқани сотиш хизматлари, ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш хизматлари, ветеринария хизматларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

    Қишлоқ жойларда хизматларни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлардан бири бу хизмат кўрсатувчи провайдерларнинг статистик маълумотлар базасини (реестрларини) такомиллаштириш бўлиши мумкин. Дунёнинг илғор тажрибаларига асосланган маҳаллий кам таъминланган оилаларни жалб этган ҳолда экотуризмни ривожлантириш дастури қабул қилиш имконияти ҳам мавжуд.

    Қишлоқ хўжалигига оид сиёсат. Қишлоқ хўжалиги экинларини чуқур қайта ишлаш ва ривожланган мамлакатларнинг бозорларига экспорт қилишнинг улкан салоҳияти сақланиб қолмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалигидаги ҳосилдорликнинг ўсишини, даромадларининг ўсишини ва қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитининг яхшиланишини таъминлайди.

    Шу асосда:

    Қишлоқ хўжалиги учун зарур инфратузилмани янада ривожлантириш: илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, уларнинг самарадорлигини исботлаган инновацион ғоялар, технологиялар ва усуллар билан алмашиш тизимини яратиш. Масалан, Жанубий Кореянинг муваффақиятли амалга оширган «Янги қишлоқ учун ҳаракат» лойиҳаси аллақачон Aфрика ва Жануби-Шарқий Осиёда амалга оширилмоқда. Етакчи корхоналар ва ҳудудлардан ички технологияларни жалб қилиш, минтақада махсус иқтисодий зоналарни яратиш мумкин.

    Жаҳон тажрибасини, хусусан, Хитой ва Ҳиндистонни тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, аграр ислоҳотга эътиборни кичик фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни қайта ишлаш ва сотишни енгиллаштиришга йўналтириш керак. Биринчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича кооперативлар ишини ривожлантириш ва бунинг учун зарур технологияларни жалб қилиш жараёнини енгиллаштириш керак. Ҳукумат минтақаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро сертификатлаш марказларини ташкил қилиши ва уларнинг хизматларидан фойдаланишини осонлигини таъминлаши керак, бу эса ишлаб чиқарилган мева ва сабзавотларнинг бозорини кенгайтиради, қайта ишлашни ташкил қилади ва кам таъминланган қишлоқ аҳолисининг даромадларини оширади.

    Иқтисодиётни рақамлаштириш. Aхборот технологияларини кенг жорий қилиш: таълим ва тиббий хизматларни мобил телефонлар орқали тақдим этиш тизимини яратиш, смартфонлар учун ўз-ўзини ривожлантириш учун барча керакли дарсликлар ёки дастурлар жамланган маълумотлар, интеллектуал ўйинлар тизимини жорий этиш.

    Инновацион потенциални ривожлантириш, ижодкорликни рағбатлантиришда қуйидагиларни инобатга олиш:

    • илмий-тадқиқот ишларига сарфланадиган харажатларни кўпайтириш;
    • юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантиришни рағбатлантириш;
    • нашр этилган илмий нашрлар қаторини кенгайтириш;
    • эксперт-маслаҳат тузилмаларини ривожлантириш;
    • Aҳоли томонидан зарур буюмлар ва хизматларни топишда сарф-харажатлар ва вақт харажатларини камайтириш;
    • нисбатан қиммат уй-рўзғор буюмларини сотиб олишга қодир бўлмаган ва вақтинча фойдаланилмаётган мулк имкониятларини ошириш мақсадида ижарага бериш хизматларини жорий этиш;
    • нарсаларни алмашиш ва хизматларни таклиф қилиш учун махсус Интернет-сайтлар синфини жойлаштириш бўйича миллий дастурни ишлаб чиқиш.

    Инвестиция сиёсати. Мигрантларга уларнинг жамғармаларини самарали инвестиция қилишга ёрдам бериш учун алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш.

    Минтақавий сиёсат. Ҳар бир минтақада ўзига хос камбағаллик профиллари мавжуд бўлиб, уни ўрганиш учун аниқ чоралар ишлаб чиқишни талаб қилади. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси (кам таъминланганлик даражаси юқори бўлган минтақа) учун чора-тадбирлар дастурини айнан кам даромадли кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш лозим. Бунда Қорақалпоғистон учун хавф омиллари ҳисобланган минтақанинг паст иқтисодий ривожланиши, 16 ёшгача бўлган аҳолининг улуши катталиги, ишсизлик даражасининг нисбатан юқорилиги, даромадларнинг беқарорлиги каби муаммолардан келиб чиқиб иш тутиш чораларнинг самарадорлигини ошириши мумкин.

    Уй-жой қурилиши. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси шаҳарларда арзон уй-жой қурилиши бўйича республика дастурини қабул қилиш ва ипотека кредитлаш тизимини ривожлантириш лозим, жумладан:

    • режалаштириш ва ишлаб чиқиш жараёнида маъмурий харажатларни камайтириш;
    • уй-жой нархини пасайтириш;
    • ер нархини пасайтириш;
    • қурилиш саноатига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
    • ипотека кредитлаш ва жамоавий кассалар имкониятларини ошириш;
    • фоиз ставкалари ва сотиб олинган уй-жой қийматига дастлабки бадалнинг улушини камайтириш;
    • фуқаролар томонидан жамғарма бадаллари босқичида шакллантирилган уй-жой учун маблағларни мақсадли йиғиш механизмини яратиш.

    Уй-жой коммунал хўжалигини модернизация қилиш дастурини қабул қилиш:

    • ушбу хизматларга нархларнинг доимий ошиб кетишининг олдини олиш;
    • қишлоқ аҳолисининг тоза ичимлик суви билан таъминлаш;
    • электр энергияси ва газдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
    • уларни қиш мавсумида узлуксиз етказиб беришни таъминлаш.

    Aхборот сиёсати. Қишлоқ аҳолисининг хабардорлигини ошириш учун янги ҳаракатни яратиш: гигиена қоидаларига риоя қилиш ва антисанитар шароитда ўстирилган маҳсулотлардан фойдаланмаслик ва қайта ишланган ва микроозиқавий моддаларга бой озиқ-овқат маҳсулотларини (сув, болалар учун озиқ-овқат ва бошқалар) сотиб олиш орқали даволаниш учун катта пулни тежаш мумкинлигини кенг тарғиб қилиш. Масалан, Чилида сут кукуни микроелементлар, хусусан, темир билан бойитилган, бу камқонликни тарқалишини уч йил ичида 80 фоизга камайтирган. Ихтисослашган тренинглар уюштириш орқали одамнинг даромадини ошириш йўлларини ўргатиш, шу билан бирга овқатланишни яхшилашга (микроелементлар билан маҳсулотни бойитиш) ва биофортификация инвестицияларни рағбатлантиришга даъват этиш ўз самарали натижасини бериши лозим.

    Бахтишод Ҳамидов,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги

    Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

    Бош илмий ходими

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates